Ҳокимлар халққа мурожаат қилди
Аввал хабар берганимиздек, 9 декабрь куни халқ депутатлари Самарқанд шаҳри ва тумани Кенгашларининг навбатдаги сессиялари ўтказилди.
Сессияларда ҳокимлар ҳудудни 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2021 йил учун белгиланган устувор йўналишлар тўғрисида аҳолига мурожаат қилди.
Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқуловнинг таъкидлашича, пандемия шароити бўлишига қарамай йилнинг ўтган 11 ойида ижтимоий ва иқтисодий соҳалар бўйича белгиланган режалар бажарилган. Яъни, бу борадаги 71 та лойиҳани амалга ошириш орқали 473 миллиард 617 миллион сўм ўзлаштирилган. Жорий йил якунигача эса жами 83 та лойиҳа ишга туширилиши ва 1,2 триллион сўм қийматидаги сармоялар ўзлаштирилиши, натижада 1523 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Шаҳардаги 250 та меҳмонхона ва меҳмон уйларида жорий йилнинг 9 ойи учун 120 минг хорижий фуқарога жойлар банд қилингани ҳолда пандемия сабабли ташрифларнинг аксарияти бекор қилинди. Оқибатда жойлаштириш воситалари 95 миллиард 300 миллион сўмлик тушумдан маҳрум бўлган. Туризм йўналишидаги 331 корхона фаолиятини тўхтатиши оқибатида 4530 нафар фуқаро вақтинча ишсиз қолди.
Сессияда келгуси йилда барча йўналиш ва тармоқларда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун режалар белгилангани қайд этилди. Жумладан, 2021 йил биринчи ярмида 4,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ўсиш суръатини 103 фоизга ошириш режалаштирилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 7,6 минг фуқаро мақсадли дастурлар доирасида яратиладиган бўш ва вакант иш ўринларига ишга жойлаштирилади. 5,4 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш учун 5 йўналишда субсидия маблағи ажратилади.
Йил давомида 40 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларида қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Қорасув массивида янги тартибга мувофиқ 10 та 16 қаватли (960 та хонадонли) тураржой бинолари қурилади.
Сессия якунлангач, Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов ва сектор раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда йиғилишда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбирни ижтимоий тармоқлар орқали кузатган фуқароларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
***
Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлонов ўз сўзида пандемия сабабли тумандаги 565 та саноат корхонасининг 76 таси фаолиятини вақтинча тўхтатгани, бошқалари ҳам кам қувватда ишлаганини таъкидлади. Оқибатда саноат ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилга нисбатан 6,2 фоизга, 9 ой якуни билан 0,9 фоизга камайди. Сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан “корхонабай” иш олиб борилиши натижасида 11 ой якунига кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 380 миллиард сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,6 фоизга кўпайган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, чакана савдо бўйича ҳам йил бошида белгиланган режалар ортиғи билан бажарилди.
Туманнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида М-37 ва М-39 халқаро автомагистраль йўллари атрофида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, “MIX ROYAL PALACE” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий мотел, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, замонавий санитария-гигиена шохобчаси ва нон музейи лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. “INTRAMED” корхонаси эса 236 миллиард сўмлик лойиҳа асосида юқори технологик тиббий маркази ташкил этмоқда. Булардан ташқари, Конигил ва Оқбўйра қишлоқларида бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган сайёҳлик масканлари бунёд этилди.
2021 йил биринчи яримйилликда 813,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Туман ҳокими 2021 йилда чорвачилик, паррандачилик, мева-сабзавот етиштириш ва боғдорчиликни ривожлантириш борасида режалаштирилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берди. Бугунги кунда тумандаги паррандачилик хўжаликларида 1,4 миллион бош ва аҳоли хонадонларида 1,1 миллион бош парранда парвариш қилиниб, 607,1 миллион дона тухум етиштирилмоқда. Келгуси йил биринчи чорак якунига қадар 1,3 миллион дона тухум етиштириш имконини берадиган яна 3 та лойиҳа амалга оширилади.
Сессияда депутатлар, туман фаоллари мурожаат юзасидан ўз таклиф ва муносабатларини билдирди.
Йиғилишдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Н.Мавлонов журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб берди.