“Ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёга зиллат мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”

Жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири, таниқли маърифатпарвар ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бундан бир аср аввал айтган гаплари ҳамон бугунги кунимизга мос келади. Масалан, тўйлар ҳақидаги мана бу гапини эсланг:  «Тўй ва таъзияга сарф қилинатурғон оқчаларимизни, биз туронийлар илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб овропойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёга зиллат мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур».

Беҳбудийнинг 1914 йил «Ойна» журналининг 38-сонида чоп этилган “Туркистон тарихи керак” мақоласи эса тарихни холис ёритиш ҳамда китоб чоп этиш ҳақида борган. Уни ўқиб, хулоса қилинг.

***

Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганин ўқиб, ибрат олмоқ ёки бир миллатнинг на сабаблардан таназзул этиб, охири мунқариз бўлуб кетганин ўқуб мундан ҳам истифода этмак мумкиндур. Шунинг учун бизнинг ўз шевамизда Туркистонда ўтган боболаримизнинг маиший, сиёсий аҳволиға доир «Туркистон тарихи» бор бўлғонда, они кўз олдимизда қўюб, бурунғи қаҳрамон боболаримизнинг на йўл ила тараққий ва маданият давриға кируб ва нима сабабдан охири мунқариз бўлуб кетганларини ўқуб, билуб, хейли ибрат олар эдук. Ўшандоқ ҳозирги ҳолимизни боболаримиз давридаги ҳолларға бир даража муқояса этмак ила баробар ўз-ўзимиздан бир инфиоли даруний ҳис эдуб, юзларимиз қизарар эди. Ҳоло, биз туркистонийлар марҳум боболаримиз аҳволи ҳам Туркистон воқеоти тарихиясидан бутун ғофил ва бехабардурмиз. Чунки ҳануз Туркистон тарихи ҳақинда янги тадқиқот ила ёзилғон, тартибли ва истифодали мукаммал бир асар вужудға келган йўқ. Тўғриси, мундай тарих ёзувчи киши турк ўғлонларидан ҳануз майдонға чиққон йўқки, бу эса турк болаларининг нохалаф бўлуб, чин ўғул эмасликлариға далилдур. Бу сўзлардан тарихсизлигимиз англашилмасун. Бизнинг тарихимиз бор.

Бурунғи асрларда Туркистон ва турклар воқеоти ва аҳволи ҳақинда туркий, форсий ва арабий тилларда неча китоблар ёзилғандурки, у китоблардан рус ва бошқа ёврупойилар истифода этган ва этмакдадурлар. Лекин у мухталиф тилларда ёзилган. Тарихий асарлардан биз туркистонийлар истифода этуб, янги муҳокама ва тадқиқот ила ўз шевамизда мунтазам бир асар вужудға келтурганимиз йўқ. Балки бизлар андоғ тарихий китоблардан аксарият ила хабарсиз бўлуб, баъзисидан хабардор бўлсак ҳам, аларнинг табъ ва нашриға аҳамият бермаймиз. Чунки бизнинг халқлар андоғ китоблардан кўра хурофотлик қисса, ҳикоя ва ошиқона ғазал китоблариға зиёда, рағбатлик бўлганидан моддий фойдасини кўзлаб, шундай афсона ва аслсиз китобларни табъ ва нашр этмакдамиз. Шунинг учун кундан-кун муҳим тарихий китобларимиз кўздан тушуб, эсдан чиқуб кетмакдадурки, мунинг айбу гуноҳи Туркистондаги манфаатпараст китобчилар бўйнига тушса керак. Чунки бу сўнг йилларда китобчилар тарафидан турли хурофотлик китоб ва рисолалар нашр бўлинуб турганлиги майдонда ва барчаға маълумдур. Агарда муҳтарам ношир ва китобчиларимиз мундан сўнг ахлоқ бузғувчи ошиқона ғазаллар ва соф эътиқодларни заҳарландирувчи хурофотлик афсона китоблар ўрниға мўътабар тарихий, ахлоқий ва адабий рисола ва китоблар нашр этмоқға ташаббус этсалар, шояд бу хайрли ишлари аввалги гуноҳларининг юзини ёпар.

«Садойи Туркистон» жаридасиға «Миллий тарихимизни ким ёзар?» мазмунида бир савол кўрулгон эди. Бизнинг фикримизча, мундай бир тарих ёзмоқлик ниҳоятда қийин бир иш бўлуб, ҳозирда мунинг ифоси бизларнинг қўлимиздан келмайтурғонга ўхшайдур. Шунинг учун бу хизматни Туркистон тарихи ила ошино бўла бошлаган ёш муаррихимиз муҳтарам Аҳмад Заки Валидий афандининг қаламидан умид этмакдамиз.