Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолияти ўзгарадими?

Вазирлар Маҳкамаси шу йил 22 майда “Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда нималар бажарилди, айни вақтда қандай ишлар қилинмоқда? Самарқандда футболни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қандай чоралар белгиланди? Шу каби саволлар билан вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице президенти Шуҳрат САЙФУЛЛАЕВга мурожаат қилдик.

  • Бугунги кунда вилоятимизда футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 20 мингга яқин, - дея гап бошлади Ш.Сайфуллаев. - 2030 йилгача футболнинг оммавийлигини ошириш мақсадида аҳолининг умумий сонига нисбатан бу спорт тури билан шуғулланувчиларнинг 5 фоизини жалб этишга эришамиз. Шунингдек, вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академияси негизида вилоят футбол маҳорат мактаби ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан буён ҳудуддаги ҳаваскор футбол клублари, корхона, ташкилот ва муассасалар жамоалари ўртасида футзал бўйича вилоят биринчилиги ва кубоги мусобақалари доимий ўтказилади. Ўтган йили ишчи ходимлар ўртасида ўтказилган футзал мусобақаси ҳам яхши натижа берди. Жорий йилнинг дастлабки ойида старт олган футбол бўйича 2-лига вилоят биринчилиги, кубоги мусобақаларида 16 та футзал жамоалари ҳамда 240 нафар футзалчилар ўйинларда иштирок этди. Эпидемиологик вазият барқарорлашиши билан бу каби мусобақалар давом эттирилади.

Самарқанд олимпия захиралари ва Тойлоқ олимпия захиралари мактаб-интернатлари негизида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб квота ажратиш доирасида футбол бўлимлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, ҳаваскор футболчиларнинг бошланғич профессионал футбол билан шуғулланиши учун “Динамо-плюс”, “Шердор” ва “Зирабулоқ” клубларига саралаб олиш амалиёти қўлланилади. Тегишли таълим муассасаларида футбол клублари, спорт шифокори, спорт психологи, спорт фарматологи, спорт ҳуқуқшуноси ва спорт диетологи йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Бугунги пандемия шароитида ҳам футболчиларимиз бўш қолидирилгани йўқ. Улар билан онлайн тарзда машғулотлар олиб боряпмиз. Уларнинг ҳар бири уй шароитидан келиб чиқиб шуғулланмоқда.

  • Бу борада умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактабларида аҳвол қандай?
  • Умумий ўрта таълим мактаблари ўртасида ҳар бир шаҳар, туманларда йилига камида икки маротаба «Мактаблар футбол лигаси» мусобақаларини ўтказиб бориш режалаштирилган. Шаҳар, туман болалар-ўсмирлар спорт мактаблари футбол бўлинмалари ва хусусий футбол мактаблари ўртасида ёш тоифасидан келиб чиқиб, белгиланган меъёрлар асосида «Спорт мактаблари футбол лигаси» мусобақалари ўтказиб борилади. Ҳатто мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини футболга қизиқтириш учун ўйин шаклида кўргазмали дарслар ташкил этилади.
  • Келгусида вилоятда футболни ривожлантириш учун режаларингиз ва айни пайтдаги муаммоларни ҳам айтиб ўцангиз...
  • Бугунги кунда вилоятда хусусий профессионал футбол мактаблари ва футбол клублари ҳузуридаги футбол академиялари йўқ. Шунингдек, болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳам кўплаб камчиликлар бор. Жумладан, Самарқанд шаҳар 1-БЎСМ ва 2-БЎСМ футбол бўлими фаолиятини ўрганганимизда футбол майдони, кийиниш ва ечиниш хоналари таъмирга муҳтожлигига гувоҳ бўлдик. Футбол жиҳозлари етишмайди, тренер кадрлар йўқ, Самарқанд туманидаги 1-БЎСМ ва 2-БЎСМ футбол бўлимида ҳам шу аҳвол. Футбол майдони қаровсиз, таъмирталаб, футбол гуруҳлари ташкил этилмаган. Паст Дарғом тумани 2-БЎСМ футбол майдони, кийим алмаштириш хоналари капитал таъмирга муҳтож. Қолган барча туманлардаги футбол майдонлари ҳам таъмирталаб. Айни пайтда Қўшработ тумани БЎСМда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд футбол ассоциацияси негизида вилоят терма жамоалари учун футбол марказини ташкил этиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг Боғдод кўчаси 39-уйни вилоят футбол ассоциацияси балансига ўтказиб, таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилди. Шунингдек, вилоятда белигиланган стандартларга жавоб берадиган сунъий қопламали майдон ҳамда соҳил футбол майдонлари етишмайди. Бу борада ҳам таклифлар тайёрланмоқда.  

  • Ҳудудлар бўйича энг яхши кўрсаткичга эга қайси футбол жамоалари бор?
  • Вилоят биринчилиги мусобақаларида доимий қатнашиб келаётган Самарқанд шаҳрининг “Шердор”, Нарпай туманининг “Зирабулоқ” жамоалари ўтган йили Ўзбекистон Про Лигасининг гуруҳларида иштирок этди. Оқдарё туманининг “Оқдарё”, Жомбойнинг “Жомбой”, Каттақўрғон шаҳрининг “Дўстлик-К”, Иштихоннинг, “Шуҳрат”, Паяриқ туманининг “Баҳор” ва “Турон” жамоалари, Паст Дарғомнинг “Динамо” ФМ, “Жума”, Тойлоқнинг “Сочак”, Самарқанд шаҳридан “Панжоб”, “Академия”, “Мотрид”, “2-БЎСМ” жамоалари чемпионатларда иштирок этиб, юқори ўринлар учун курашиб келмоқда. Келгусида барча ҳудудларда футбол жамоалари шакллантирилади.

Шунингдек, футбол соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Футбол соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш учун вилоятимизда мураббийлар учун “Д”, “С”, “В” лицензиялари ўқув курслари мавжуд. Вилоят футбол ассоциацияси ёш мутахассислар малакасини ошириш учун доимий тайёрлов курсларини ўтказиб келади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ суҳбатлашди.