Ҳудудларда аҳоли нима учун жамоат транспортидан кенг фойдаланмайди? Асосий муаммолар аниқланди
Ушбу масала Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан таҳлил қилинди.
Олинган статистик маълумотларга кўра, мамлакатимиз бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан бор-йўғи 4,4 миллион нафари ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланмоқда.
Бу кўрсаткич Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бундан ҳам паст.
1 200 та қишлоқ туман марказигача бўлган йўналишда жамоат транспорти билан қамраб олинмаган. Автобуслар билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 24 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ва Андижонда 15 тага ҳам етмайди.
Туманлардан вилоят марказларига қатновчи автобуслар эскирган, айримлари хизмат муддатидан ортиқ фойдаланилмоқда. Вилоят марказларидан пойтахтга қатновчи жамоат транспортлари юқори нархларда хизмат кўрсатмоқда.
Бунга аҳолининг автобуслар билан таъминланганлик даражаси пастлиги ҳамда соғлом рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги сабаб бўлмоқда. Шу боис аҳолининг аксарият қисми енгил турдаги автомобил транспортида ҳаракатланишни афзал кўрмоқда.
Шунингдек, ҳудудларда жамоат транспорти тўловларини тўлаш учун ягона амалиёт йўлга қўйилмаган ва асосан нақд пулдан фойдаланилади ҳамда умумий тариф картасини жорий қилиш масаласи очиқлигича қолмоқда.