Ҳунармандлар берилган имтиёз ва имкониятлардан қандай фойдаланяпти?

Ҳозирги кунда “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармасига 3 минг 155 нафар ҳунарманд аъзо бўлиб, мавжуд имтиёзлардан фойдаланган ҳолда фаолият юритмоқда.

Биргина Нуробод туманида 2022 йилда 46 нафар ҳунарманд аъзо бўлган бўлса, ҳозир улар сони 80 нафарга етди. Оқдарё туманида мос даврда 46 нафар ҳунарманд ҳозирда 80 нафарга етган бўлса-да тумандаги имкониятдан келиб чиқсак, Оқдарёда кўрсаткичлар бироз оқсамоқда.

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида “Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармасининг 2,5 йиллик фаолиятига бағишланган сарҳисоб йиғилишда бу ҳақда маълумот берилди.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2018-2022 йилларда вилоятдаги ҳунармандларга 2091 та лойиҳа учун 71,1 миллиард сўм имтиёзли кредит берилган. Мисол учун, Иштихон туманида 2022-2023 йилларда 198 нафар ҳунармандга 7,5 миллиард сўм, Нуробод туманида 80 нафар  ҳунармандга 2,2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. 2022 йилда "Уста-шогирд" мактабини яратиш ва 7762 та шогирд бириктирилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 24 мингдан ортди.

Вилоят маҳаллабай ишлаш бошқармаси томонидан ҳунар эгаллаб, ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган 1414 нафар ҳунармандга аъзолик бадалини тўлаш учун 1,3 миллиард сўм субсидия ажратилди, - дейди “Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. – "Уста-шогирд" анъанаси асосида мактаб ташкил этган ҳунармандларга шогирд тайёрлаш учун 110,6 миллион сўм субсидия ажратилди. Ҳозирда ҳунармандларга ажратилган кредитларнинг қайтарилиши 98 фоизни ташкил этмоқда. Бу ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишидан далолат беради.

Ҳунармандчиликка эътиборнинг кучайтирилиши натижасида кейинги уч йилда 2 нафар ҳунарманд “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси”, 1 нафари “Меҳнат шуҳрати”, 4 нафари “Дўстлик” ордени, 3 нафари “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Кейинги беш йилда мингдан ортиқ ҳунарманд қўлда гилам тўқиш, заргарлик буюмлари, миллий қўғирчоқлар, ёғоч ва мис ўймакорлиги, кулолчилик кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этди.

Дастлаб 1992 йилда “Руҳобод” ҳунармандчилик маркази ташкил этилганди,. Кейин “Регистон” ҳунармандчилик маркази очилди ва ўша пайтда бу ерда  4 нафар уста меҳнат қилган бўлса, ҳозир улар сони 80 нафардан ортди. Умуман, ҳозирда вилоятимизда 4 та ҳунармандчилик марказлари ишлаб турибди.

Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилда тижорат банклари томонидан 21 миллиард 479 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиши ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги қарорига асосан 3 миллиард 326 миллион сўм субсидия ҳисобидан вилоятда жами 12362 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Самарқанд шаҳрида "Халқаро каштачилик фестивали"ни ўтказиш, Ислом Каримов кўчасида жойлашган бинода “Самарқанд кулолчилик маркази”ни ташкил этиш, фахрий ҳунармандлар билан биргаликда ишлаш ҳамда уч авлод учрашувлари ўтказиш ҳам кўзда тутилган.   

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.