Ҳунармандлар устахонасида туриб интернет орқали маҳсулотларини чет элга сотмоқда

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида «Ҳунармандлар маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва рекламасини ташкил этиш» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.

Унда "Ҳунарманд" уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов мавзу бўйича ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

- Бугунги кунда уюшмага аъзо бўлган ҳунармандлар 2879 нафарни ташкил этади, - дейди У.Ҳакимов. - Уста шогирдлари 4862 нафарга етди. Ўтган йили ҳунармандчилик ортидан 5501 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросига кўра, ҳунармандчилик маҳсулотларини электрон савдо орқали сотишни йўлга қўйиш борасида республика бўйича ягона тизимга бириктирилган “Ҳунарманд” уюшмасининг www.uzcrafts.com веб-сайти яратилди. Ички ва ташқи бозорга маҳсулотлар рекламасини намойиш этиш мақсадида www.ihunar.uz савдо майдончаси ташкил этилди. Ҳозирда ҳунармандлар ушбу сайт ва платформа орқали ясаган маҳсулотлари ассортименти, суратлари ва нархларини жойлаштириб бормоқда.

Бундай имкониятдан Ургут туманида фаолият юритаётган каштадўз Ғулом Исоев, Самарқанд шаҳрида яшовчи ёғоч ўймакори Мансур Асадов, Самарқанд туманида фаолият юритаётган заргар Ҳасан Қурбонов каби ҳунармандлар самарали фойдаланиб, ўзлари ясаган ҳунармандчилик маҳсулотлари рекламасини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқармоқда ва савдосини ташкил этмоқда.

У.Ҳакимовга кўра, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида 2022 йилдан бошлаб «Уста-шогирд» анъаналари асосида усталарга интернет сайтларини ташкил этиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридан ошмайдиган қисмига субсидиялар ажратиш белгиланган. Ҳозирда вилоятда бу борада ҳунармандларнинг мурожаатлари олиниб, зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда.