Ички ишлар ходими ва ҳарбий бўлишни истаган ёшлар тест синови топширди

Бугун эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда “Локомотив” стадионида Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари, вазирлик ва идоралар тасарруфидаги “Темурбеклар мактаби”, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейларига 2021/2022 ўқув йили учун кириш тест синовлари бўлиб ўтди.

-  Тест жараёнида вилоят бўйича умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф битувчилари мазкур йўналишлар бўйича қатнашди, - дейди Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи Воҳид Сирлибоев. – Улар учун икки манзилда 1542 та жой ҳозирланди. Лицейларга кириш истагида бўлганлар ўқув массасининг қабул йўналишларидан келиб чиққан ҳолдаги аниқ ва ижтимоий фанлар бўйича ўтказилди. Яъни, Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларига кириш учун учта фандан 45 та саволга 1,5 соат, “Темурбеклар мактаби” ҳамда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейларига кириш истагини билдирганларга 20 тадан 60 та саволга 2 соат вақт берилди. Тест жараёнлари бир навбатда ташкил этилди ва унда 1,5 минг нафардан ортиқ абитуриент қатнашди.

Бугун соат 19.00 да “Локомотив” стадионида Тошкент шаҳридаги ҳарбий тиббий академиясига ўқиш истагини билдирган самарқандлик талабгор учун тест бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз: Президент мактабига кириш учун тест синовларининг иккинчи босқичи 21-22 август кунлари Самарқанд шаҳридаги 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилади. Бунда биринчи босқичдан ўтган 2880 нафар талабгор қатнашади. 21 август куни биринчи сменада 5-6 синфга, иккинчи сменада 9-10 синфга, 22 август куни эрталаб 7-8 синфга қабул қилиш тест синовлари бўлиб ўтади.

Ҳусан Элтоев.