Ичкилик шодлик эмас, мусибатга йўл
Ичкилик истеъмоли инсоният учун жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. У баъзан хурсандчилик учун ичилса-да, шодликдан кўра кўпроқ мусибат келтиради. Айнан шу иллат туфайли кўплаб одамлар жиноят содир этиб, ўз ҳаётларини барбод қилмоқдалар.
Буюк Америка адиби Жек Лондон бу ҳақида шундай ёзган: "Ичкиликбозлик — ваҳшийлик оқибати бўлиб, қадим ва ёввойи ўтмишдан бошлаб инсониятни чулғаб келмоқда. У одамларнинг энг яхши намояндаларининг ёстиғини қуритиб, кучини совуриб, қувватини қирқиб, ҳалокатга учратиб, инсониятдан мудҳиш хирож олиб келмоқда".
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судида бундай ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар учраб туради. Масалан, 1974 йилда Ургут туманида туғилган, оилали М.К. 2026 йил 7 февраль куни соат 23:30 ларда ўз бошқарувидаги “ВАЗ-2106” русумли автомобилни Самарқанд тумани паррандачилик фабрикаси маҳалласида бошқариб бораётиб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган. У светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган Х.Б. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомобилга бориб урилган.
Оқибатда “Дамас”га 22 328 695 сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Текширув давомида М.К. транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда ва алкоголь мастлиги ҳолатида автомобиль бошқаргани аниқланган.
Суриштирув органи томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида қонуний баённома расмийлаштирилди. Суд мажлисида унинг айби ўзининг ва жабрланувчининг кўрсатмалари, тушунтириш хатлари ҳамда бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиқланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузар томонидан етказилган моддий зарар қопланганлиги инобатга олиниб, суд ҳукми билан М.К. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддасига асосан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари, яъни 16 480 000 сўм миқдорида жаримага тортилди.
Донишмандлардан бири шундай деган: "Ичмаслик — ўчоққа ўтин, қозонга гўшт, дастурхонга нон, давлатга даромад, ҳамёнга пул, танага куч, устга кийим-бош, мияга ақл, оилага фаровонлик бахш этади". Шундай экан, ичкиликбозлик туфайли содир этилаётган жиноятлар ва оилаларга етаётган зарарларни оқлаб бўлмайди. Шу сабабли маҳалла фаоллари ва ҳуқуқ-тартибот органлари фуқароларнинг турмуш тарзи ва саломатлигига бефарқ бўлмасликлари, бу иллатга қарши қатъий кураш олиб боришлари зарур.
Фарҳод Муҳаммадиев,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди судьяси.