ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солинган фуқаро вафот этди

2020 йил 30 май куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов тан жароҳатлари билан келиб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4- ИИБ ходимларига нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувдаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.

А.Абдукаримов соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида  2020 йил 1 июнда уч нафар ички ишлар ходимларига нисбатан ЖКнинг 206,  234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жабрланувчи А.Абдукаримовга шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 2020 йил 11 июнда вафот этган.

Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.