Ижарада турган талабалар қаерда, қандай шароит ва шартларда яшаяпти?

Н.Аҳмедов (ургутлик талаба):
- Шаҳарда “квартира” топиш қийинлиги ва қимматлиги сабабли Ургут туманининг Жартепа маҳалласидан қатнайман. Баъзида кеч қоламан, лекин бошқа иложим йўқ.

О.Абдуллаев (каттақўрғонлик талаба):
- Беш нафар дўстларим билан ҳар биримиз 200 минг сўмдан пул бериб ҳовлида ижарада турибмиз. Пулига яраша шароит бўлса қанийди, афсуски, ҳаммоми йўқ. Талабалар турар жойи ўқиш бошланмасдан тўлади, сабабини ҳеч ким тушунтирмайди.

О.Эшмуродов (қашқадарёлик талаба):

– Ҳамма қатори 200 минг сўмдан ижара пули тўлаб, 6 нафар талаба турибмиз. СамДАҚИда иккинчи босқичда ўқийман. Ётоқхона масаласида мурожаат қилганимда талабалар турар жойларига фақат биринчи курслар жойлаштирилади, дейишди.

***

Ота-оналар фарзанди қаерда ижарада тургани билан қизиқадими ёки фақат пулини тўлайдими?

Олий ўқув юртлари раҳбарлари талабалар турар жойлари қуриш ҳақида ўйлармикан? Бу ҳақда шаҳар, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдимикан?

Ҳокимликлар талабалар турар жойи учун ер ажратадими?

Гуруҳ раҳбарлари талабанинг қаерда, қандай шароитда яшаётгани билан қизиқадими?

Уйини ижарага берганлар, ҳеч бўлмаса, талабага шароит яратиб беришга бурчли эканлигини биладими?

Агар шу каби саволларга жавобимиз бўлмаса, Тошкентда ижарада турган талабалар билан рўй берган фожиа бошқа жойларда ҳам юзага келиши мумкин.