Ижодкор ёшларга мададкор борми? Ёхуд иштихонлик ўқувчиларни қийнаётган муаммолар
Истеъдодли, ижодкор ёшлар кўп, фақат уларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш лозим. Бунинг учун кейинги йилларда мактабларда етарлича шароит яратиляпти. Иқтидорли ўқувчилар бу имкониятлардан қай даражада фойдаланмоқда? Шу саволга жавоб топиш мақсадида Иштихон туманидаги айрим мактабларда бўлдик.
Бу мактабга кўпчилик ҳавас қилади
Туманнинг 41-умумий ўрта таълим мактабида 1356 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Уларга 86 нафар ўқитувчи дарс беради.
- Таълим муассасамизда фаолият олиб бораётган устозларнинг 10 нафари олий тоифали, 15 нафари эса биринчи тоифага эга, - дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Матлуба Муҳаммадиева. – Уларнинг саъй-ҳаракати билан ўқувчиларимиз юқори натижаларга эришиб келяпти. Масалан, 2 нафар ўқувчимиз она тили ва инглиз тилидан фан олимпиадаларининг республика босқичига йўлланма олди. Кўплаб ўқувчиларимиз муддатидан олдин олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятига эга бўляпти. Шунинг учун ҳам мактабимизга ҳавас қиладиганлар кўп.
Қофия билан туроқ бозорда сотилмайди
Ҳар бир синфда адабиётга қизиқадиган ўқувчилар бор. Аммо уларга йўл-йўриқ кўрсатадиган устоз топилиши қийин. Мактабда педагогика коллежини тугатиб, ёшлар етакчиси бўлиб ишлаган Зулфия Сувонова бугунги кунда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида фаолият олиб боряпти. Биз мактабга борган пайтимизда у билан учрашдик, суҳбатлашдик. Мактаб директори ўринбосаридан интервью олиб, сўнгра у ташкил этган тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишишни режалаштирган эдик. Аммо кейин бу тарғиботчини мактабдан топа олмадик.
Директор ўринбосари Матлуба Муҳаммадиева ҳамроҳлигида мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик.
- Шеъриятга қизиқаман, - дейди 8-синф ўқувчиси Озода Отақулова. – Аммо ёзган шеърларимни устозларимга кўрсатмаганман. Уйда бобомга ўқиб берганман. У киши мени рағбатлантириш мақсадида китоблар совға қилади.
Афсуски, бугун мактабларда шеър ёзишга қизиқувчи ўқувчиларнинг аксарияти “Сариқ девни миниб” асаридаги Ҳошимжон каби бозордан изламаса-да, қофия билан туроқнинг нима эканлигини тўлиқ англаб етмаган. Бу албатта, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ҳамда она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг тўғри тушунтириб бера олмаганлигидандир.
“2023 йилги режаларимнинг бир қисми 2022 йилда бажарилди”
Бу гапни мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Лобар Элмуродова айтди. У Самарқанд давлат чет тиллар институтини тамомлаб, 3 йилдан бери мазкур таълим муассасасида фаолият кўрсатади.
- 2022 йил мен учун омадли келди, - дейди у. – Шу йил магистрлик дипломини қўлга киритдим. Шунингдек, март ойида иккинчи, ноябрь ойида эса биринчи тоифага эга бўлиш учун навбатдан ташқари имтиҳон топшириб, аттестациядан муваффақиятли ўтдим. 2023 йилда 20 нафарга яқин шогирдим олий ўқув юртига кириши керак. Бу мақсадимга 2022 йилдаёқ қисман эришдим, десам бўлади. Сабаби 11-синф ўқувчиларидан 6 нафари С1 ва В2 даражадаги миллий сертификатларга эга бўлди. Уларга олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида инглиз тилидан энг юқори балл берилади. Яна 10 нафардан зиёд ўқувчим ана шундай сертификат олиш ҳаракатида.
Мактаб синфхоналари кенг ва ёруғ, аммо совуқ
Мактаб ҳовлисига кираверишда иссиқхоналарга кўзингиз тушади. Уларни кўриб, бу муассаса ичкариси илиққина бўлса керак, деб тасаввур қиласиз. Аммо синфхоналарда ўқувчи ва устозларнинг қишки кийимларда ўтирганини кўриб, афсусланасиз.
- Мактабимиз қозонхоналари табиий газга мўлжалланган, кўмирга мослашмаган, - дейди ўт ёқувчи Юсуф Турсунқулов. – Газ босими эса жуда паст. Кечаги совуқ кунларда ўчиб қолаверди. Қозонхонанинг ёнидан кетмадик. Ҳар 10 дақиқада ёқамиз, ўчиб қолади, ёқамиз яна ўчади. Шунинг учун синфхоналар исимади.
Эшикни ёпсангиз тешикдан совуқ келади
Аслида биз Иштихон туманига ижодкор ўқувчилар билан суҳбатлашиш, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг фаолияти ҳақида репортаж тайёрлаш мақсадида борган эдик. Лекин ўқувчиларни қийнаётган муаммоларни кўриб, кўз юмиб кетолмадик.
Иккинчи манзилимиз тумандаги 56-мактаб бўлди. Бизни қарши олган директорнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарига мақсадимизни тушунтирдик. Унинг таъкидлашича, сешанба “метод куни” бўлганлиги учун тарғиботчи ишга келмаган. Аввалига ҳайрон бўлдик, тарғиботчилар учун ҳам “метод куни” борми, деб. Кейин билсак, бу вазифа она тили ва адабиёт фани ўқитувчисига қўшимча иш сифатида юклатилган экан.
Нима бўлганда ҳам тарғиботчи ёки адабиёт ўқитувчилари китобга, шеъриятга, санъатга қизиқувчи ўқувчилар билан яқин ҳамкорлик қилса, уларга тўғри йўл кўрсата билса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Бу таълим муассасасида ҳам ўқувчилар қишки кийимда дарсларда қатнашяпти. Қозонхоналари газга ҳам, кўмирга ҳам мўлжалланган экану, аммо синфхоналар исимаган. Мактабнинг яқинда бунёд этилган янги биноси эшиклари тешилиб ётибди. Уларни кўриб, хоналар нега исимаслигини англаш қийин эмас. Айрим эшикларнинг тешиклари скотч билан беркитилган.
Мактабда чемпионлар бор, аммо спортзал йўқ!
Бу таълим муассассасида ҳам саволларимизга кўнгилдагидек жавоб ололмаганимизга афсусланиб қайтаётган эдик, ўзини кимё фани ўқитувчиси, деб таништирган бир муаллимни учратиб қолдик. У узоқ йиллардан бери шу мактабда ишлар экан.
- Мактабимиз 1973 йилда қурилган, - дейди Вали Рассаев. – Икки йил аввал қўшимча бино қуриб берилди. Ҳозирги кунда 340 ўринли таълим муассасасида 474 нафар ўқувчи ўқийди. Улар орасида спортга, ахборот технолгияларига, санъатга, адабиётга қизиқувчилар кўп. Мактабимизнинг 2 нафар битирувчиси спорт бўйича чемпион бўлиб, имтиёз асосида олий таълим муассасасига ўқишга кирди. Ҳозирда 8-синф ўқувчиси Диёра Абдуҳамидова бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони. Айни пайтда Осиё чемпионатига тайёргарлик кўряпти. Мактабимизда спортчилар кўп, аммо спортзал йўқ.
Тадбирлар ташқарида ўтказилади
Вали ака кимё фани ўқитувчиси бўлса-да, ўқувчиларни адабиётга ҳам қизиқтиришга ҳаракат қиляпти.
- Яқинда ўзим раҳбарлик қиладиган 9-синф ўқувчилари ўртасида “Мен танлаган касб” мавзусида иншолар танловини ўтказдим, - дейди у. - Бу билан уларнинг қайси касбга қизиқишини ўргандим. Ғолибларни рағбатлантириш мақсадида китоблар сотиб олдим. Бундан ташқари, синфимдаги ҳар бир ўқувчининг туғилган кунига битта бадиий китоб совға қилишни одат қилганман. Уларни мутолаага қизиқтираман, ўқишга мажбур қиламан. Ўқиган асарларини ҳар ҳафта жума куни муҳокама қиламиз. Мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчилари билан ҳамкорликда турли адабий кечалар ўтказиб турамиз. Яна бир муаммомиз фаоллар зали йўқлигида. Шунинг учун тадбирларни ташқарида ўтказишга мажбурмиз.
Ижодий сафаримиз давомида иштихонлик ўқувчи ёшлар орасида истеъдодлиларини учратдик. Аммо уларнинг иқтидори юзага чиқиши, танлов ва мусобақаларда иштирок этиши ҳамда ютуқларга эришиши учун муносиб муҳит яратиш лозимлигини, ижодкор ёшларга устозлар сидқидилдан ёрдам бериши кераклигини англадик.
Тўлқин Сиддиқов,
Жасур Шукуров,
Бахтиёр Мустанов.