Ижодкорлар карантин даврида мухлисларни зериктирмади
Аҳолининг бадиий ижодга янада яқинлаштириш, уларнинг бўш вақтларини самарали ўтишини таъминлаш, китоб мутолаа қилишга ундаш ва албатта соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин даврида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими онлайн тарзда бир қатор ижодий ҳафталик ва кўрик-танловлар ўтказди.
Жумладан, 2020 йилнинг март-апрель ойларида телеграм гуруҳи ва каналларида "Уйда қолинг!" номли кўрик-танлов эълон қилинди. Танловга юзлаб ижодкорларнинг ижодий ишлари келиб тушди. Шеърлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва ғолиблар аниқланди. Унга кўра, 1-ўринни шоира Жумагул Сувонова, 2-ўринни Шавкат Бобомурод ва Ризо Халил,
3-ўринни Шаҳриддин Умиров ва Қаҳрамон Эшмуродов қўлга киритди.
Соҳибқирон Амир Темур таваллуд куни муносабати билан 2020 йил 2-8 апрель кунлари телеграм гуруҳимиз орқали ўтказилган "Соҳибқирон Амир Темур ҳафталиги" онлайн танловида ҳам вилоят ижодкорлари фаол иштирок этди. Унда "Ургут садоси" газетаси жамоаси биринчи, ҳаваскор ижодкорлар - Қўчқор ҳожи Ҳайитов ва Холбўта Хўжанов иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд куни муносабати билан 20-27 апрель кунлари телеграм гуруҳимиз орқали шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган онлайн ижодий ҳафталик ўтказилди. Уюшмамизнинг телеграмм каналига мухлислардан кўплаб шеърлар, шоир ижодидан ўқилган асарларга видеороликлар келиб тушди. Каттақўрғонлик шоир Ҳасан Алматов танловнинг мутлақ ғолиби бўлди. Биринчи ўринни эса қўшработлик ўқитувчи Мирзоҳид Мусоқулов, навоийлик Ҳилола Алматова эгаллади.
Иккинчи ўрин Самарқанд шаҳридаги 18-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Севинч Усмонова, Нарпай туманидаги 64-мактаб ўқувчиси Чарос Юсуповага муносиб кўрилди.
Ёш шоир Моҳир Бек, шоира Тозагул Жуманова шоирга бағишланган эҳтиром шеърлари учун учинчи ўрин соҳиби бўлишди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими.