Ижтимоий тармоқларда имтиҳон саволлари тарқалиб кетганига изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Она тили ва адабиёти фанидан имтиҳон тест топшириқларининг расмлари тарқалиб кетди.

Ушбу ҳолатга Давлат тест маркази изоҳ берди:

Она тили ва адабиёти фанидан тест топшириқлари акс этган 1134532 рақамли тест топшириқлари китоби 2021 йилги диагностик тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур тест топшириқлари китоблари 2021/2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тегишли эмас.

Қайд этиш керакки, жорий йилги тест синовларида тест топшириқлари сони қисқартирилган бўлиб, 66-75-тест топшириқлари мавжуд эмас.

Мажбурий фанлар блокининг она тили фанидан тест топшириқлари акс этган 1565631 рақамли тест топшириқлари китоби 9 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдалангани видеокузатув орқали аниқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 52-бандига мувофиқ тест синовидан четлаштирилди.