Икки давлат архивчилари тажриба алмашди

“Ўзархив” агентлиги ҳамроҳлигида Татаристон Республикаси архив иши бўйича Давлат қўмитаси (Россия Федерацияси) делегацияси вилоят давлат архивига келди.

Учрашувда “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов ҳамда Татаристон Республикаси архив иши бўйича Давлат қўмитаси раиси Г.Габдурахманова ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма тадбирларни амалга ошириш бўйича 2025-2027 йиллар учун белгиланган амалий ҳаракатлар режаси имзоланди.

- Икки йилга мўлжалланган ушбу ҳаракатларда икки томон учун ҳам фойдали бўлган режаларни амалга ошириш кўзда тутилган, - дейди Г.Габдурахманова. - Самарқанд давлат архиви фаолиятини ўрганиш даврида ҳужжатларни қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва давлат томонидан сақлашга топшириш жараёнларини кўздан кечирдик. Ҳужжатларни электрон рақамлаш, нусхалаш ҳамда тарихий ҳужжатларни сақлаш жараёнларини кўриб, самарқандлик архивчилардан кўп нарсани ўрганиб, тажриба орттириш мумкин, деган хулосага келдик.

Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд туман давлат архиви фаолиятини ҳам ўрганди. Бу ерда бўлиб ўтган давра суҳбатида архив иши бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Дилмурод Тўхтаев,

Ф.Рўзибоев (фото).