Илм-фан истиқболига ишонч ортди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси кўпчилик томонидан интиқлик билан кутилди. Чунки унда янграйдиган гаплар нафақат депутат ва сенаторлар, балки бутун халқимизга тааллуқли бўлишини барча бирдек ҳис эта олди.

Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди. Айниқса, эндигина ишини бошлаган халқ вакиллари ўз фаолиятлари учун зарур вазифаларни белгилаб олиш имкониятига эга бўлди. Шахсан мени қувонтирган жиҳати, Мурожаатномада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастуридаги устувор масалалар қайта-қайта тилга олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан мамлакатимизда 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб номланиши қалбимизни жунбишга келтирди. Бинобарин, илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.

Партия сайловолди дастурида “Илмлилик – саодатдир, илмсизлик – мусибат!”, дея бежиз таъкидланмаган. “Адолат” СДП таълимга инвестиция киритишни келажакка сармоя киритиш, деб ҳисоблайди. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омил саналади.

Мурожаатномада ҳам сайловолди дастуримизга ҳамоҳанг тарзда таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди.

Мурожаатномада санаб ўтилган ва айни вақтда партиямиз сайловолди дастуридан ўрин олган масалалардан яна бири болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини кўтаришдир. Шунда фарзандларимиз болаликдан билим олиши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари аста-секин шаклланишига эришамиз. Зеро, ёшликда олган билим тошга ўйилган нақш.

Президентимиз томонидан олий таълим муассасалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш таклиф қилинди. Айниқса, олий маълумотлилар сафини шартнома асосида эмас, давлат гранти асосида ўқувчи-талабалар ҳисобига ошириш лозимлиги барчанинг кўнглидаги истак бўлди. Бу борада “Адолат” СДП олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, ўқув юртлари учун умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечиш механизмини ишлаб чиққан.

Мурожаатнома турли соҳа вакиллари фаолиятига оид хулосаларни ўз ичига олди. Икки касб вакиллари эса алоҳида тилга олинди. Булар – педагоглар ва шифокорлар. Уларнинг билимини ошириш, эл-юрт орасида обрўсини юксалтириш, даромадларини кўпайтириш лозимлиги уқтирилди.

Ҳақ гап! Давлат равнақи, халқ баркамоллигини кафолатлаш учун ушбу икки соҳани ислоҳ этиш, касб вакиллари мақомини кўтариш муҳим масала. Бунга эса қонунчилик йўли билан – ўқитувчи мақомини ошириш, тиббиёт ходимларини тажовузлардан ҳимоялашга оид қонунлар орқали эришиш мумкин.

Юртбошимиз нутқида ички миграция ва доимий рўйхатдан ўтиш борасидаги муаммо кўтарилиб, бу борада аниқ ечим берилгани айни муддао бўлди. “Ўз фуқароларимиз оёғига ўзимиз кишан солмаслигимиз керак”, деди Президент. Дарҳақиқат, “пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндашиш пайти келди. Фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш – “Адолат” СДПдан сайланган депутатларнинг ҳам олдида турган асосий вазифа.

Шунингдек, маърузада Шавкат Мирзиёев жамият ривожига ғов бўлаётган бир иллатни куюнчаклик билан айтиб ўтди. “Коррупция иллатини йўқ қилмасак, бирорта соҳа ривожланмайди”, дея адолатли хулоса ясади ва “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиш даркорлигини таъкидлади. “Ҳалоллик билан юзи ёруғ раҳбарнинг лавозимда ҳам умри узоқ бўлади”, дея алоҳида урғу берди.

Мурожаатномада ўзимиз учун кўплаб вазифалар белгилаб олдик. Ундаги айрим масалалар қалбимиздаги истак бўлиб, халқимиз узоқ йиллардан бери кутаётган ислоҳотлардан хушхабар берса, маърузада кўтарилган баъзи фикрлар биз учун мутлақо янгилик сифатида янгради ҳамда бошлаётган фаолиятимизга янгича руҳ бағишлади.

Шуҳрат ПОЛВАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.