Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Миср ва Туркиядан олиб келинган ноёб асарлар кенг жамоатчиликка таништирилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида марказ кутубхонасида сақланаётган ва янги келтирилган китоблар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 11 январида вилоятимизга ташрифи чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, марказ ҳамда Ҳадис илми мактаби кутубхона фондини мутахассислик йўналишидаги хорижий адабиётлар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берган эди.

- Белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 24 июнда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитишга оид қарор қабул қилинди, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Шу асосида жорий йилнинг 13-26 июль кунлари исломшунос ва шарқшунос олимлардан иборат ишчи гуруҳимиз Миср ва Туркияга сафарга бориб, 1000 номдаги 5500 та илмий, адабий, бадиий, тарихий асарлар олиб келдик. Бу китобларнинг асосий қисми юртимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд аз-Замахшарий каби алломаларнинг асарлари ҳисобланади. Хусусан, VII асрга оид Қуръони карим Усмон мусҳафининг, XI асрда кўчирилган "Саҳиҳи Бухорий"нинг факсимилелари келтирилди. Бундан ташқари, араб, форс, турк тилларида ёзилган қомуслар, энциклопедиялар, луғатлар ва қимматли манбалар ҳам олиб келиниб, марказий кутубхонадан жой олди.

Ишчи гуруҳ сафари давомида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) томонидан марказ кутубхона фондига 500 га яқин, Туркия қўлёзма асарларни тадқиқ қилиш институти томонидан энг нодир қўлёзма асарларнинг 100 га яқин факсимиле нусхалари ҳамда Мармара университетининг илоҳиёт факультети исломшунос олимлари томонидан нашр этилган ҳадис, тафсир, ислом тарихи, фиқҳ ва калом илмига оид 200 га яқин илмий-тадқиқот натижалари тўғрисидаги асарлар совға қилинди.

Тақдимотда хориждан келтирилган янги китобларнинг мазмун-моҳияти, илмий аҳамияти, асарларда илгари сурилган эзгу ғоялар тўғрисида атрофлича маълумот берилиб, мазкур китоблар хазинаси халқаро марказ тадқиқотчилари учун буюк алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари марказда сақланаётган қўлёзма манбалар ва бошқа нодир асарлар билан ҳам яқиндан таништирилди.