Имом Бухорий халқаро маркази нашрдан чиқарган китоблар тақдим этилди
Самарқанд давлат университетида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган 18 турдаги рисола ва буклетлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур маърифий тадбир ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, миллий ва диний қадриятларимизга асосланган соғлом дунёқарашни мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар онгида ватанпарварлик, бағрикенглик, маърифат ва ахлоқий масъулият туйғуларини янада юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур нашрлар жамиятда маънавий барқарорликни таъминлаш, турли ёт ғояларга қарши маърифат билан жавоб беришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
- Рисола ва буклетлар нашр этилишида вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак кўрсатилди, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев. - Ватанга муҳаббат, тинчлик ва бағрикенглик, жиҳод ва ҳижрат тушунчаларининг асл моҳияти, ота-онага эҳсон, фарзанд тарбияси, тўй ва маросим маданияти каби 18 та мавзуни ўз ичига олган буклет ва рисолаларнинг ҳар бири 5 минг нусхадан чоп этилди. Уларда кўтарилган масалалар замонавий ижтимоий ҳаёт талабларига мос равишда, содда ва таъсирчан услубда ёритилган.
Ушбу рисола ва буклетлар тақдимоти жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, турли ёт ғояларга қарши маърифат билан жавоб бериш йўлида муҳим қадам бўлди. Уларда илгари сурилган ғоялар инсонпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилиб, кенг жамоатчилик учун ишончли маънавий дастур вазифасини ўтайди.