Инклюзив таълим: Мактаблар бунга тайёрми?

Бугун умумтаълим мактабларида инклюзив таълим синфлари очилмоқда, яъни жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) руҳий нуқсонлари бўлган болалар ҳам бошқа тенгдошлари билан бирга ўқимоқда. Хўш, мактабларда инклюзив таълим қандай йўлга қўйиляпти? Тойлоқ туманидаги инклюзив таълим синфи очилган мактабларда бўлдик.

Сарбозор маҳалласида жойлашган кимё-биологияга ихтисослаштирилган 30-ИДУМда эшитишида ва мия ривожида нуқсони бор Ботирали Шарипов 2-синфда таълим олмоқда. У мактабга 1-синфдан келган.

Бола дарсда кўпроқ расм чизишни яхши кўради, - дейди ўқитувчи Нилуфар Фахриева. – Хулқи, интизоми яхши, бироз тортинчоқ. Синфдошларига Ботиралини ҳурмат қилишни, биргаликда дўст бўлиб ўйнашни тушунтирганман. Болалар ҳам уни илиқ қабул қилишган. Тўғри, эшитишида нуқсони борлиги учун соғлом болалар каби дарсларни ўзлаштиролмайди, лекин ҳаракати бор.

- Ўзим ҳар куни боламни мактабга олиб бориб қўяман, - дейди Ботиралининг онаси Ёрқиной Якубова. – Кечқурун биргаликда дарс тайёрлаймиз. Ўғлим мактабдаги ҳаётидан мамнун, бироқ мактабда ўқитувчи-логопед йўқ. Ҳафтада икки-уч марта туман марказига логопедга олиб бораман. Шароитим оғирлиги учун шаҳардаги ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатга беролмадим. Агар мактабда ўқитувчи-логопед бўлса, яхши бўларди.

Онанинг айтишича, бола кам эшитади. Шунинг учун дарсларни ўзлаштириши қийин кечмоқда.  

Қиёт қишлоғи Таллиота маҳалласида жойлашган 53-умумий ўрта таълим мактабида 3-синфда инклюзив таълим ташкил этилган. Ушбу синфда ўтган йилдан бери шу маҳаллада истиқомат қилувчи енгил ақли заифлик ташхиси қўйилган Суннат Нуриддинов таълим олмоқда. Дастлаб боланинг ўзи билан гаплашдик. У мактабга ўзи келиши, инглиз, она тили ва математика фанларидан яхши ўқиши, келажакда милиция ходими бўлишини айтди. Аммо фанларга оид саволларимизга жавоб бера олмади.

- Аввал ҳам ногиронлиги бор болаларга якка тартибда уйида таълим берганман, - дейди боланинг синф раҳбари Соҳиба Тўқсонова. – Лекин у болалар жисмонан заиф бўлса-да, ақлан соғлом эди. Айниқса, ногиронлиги бўлган бир қиз бола яхши ўқирди, айтган дарсимни ёдлаб оларди. Аммо Суннатда бундай қобилият йўқ. Бола сиз билан бемалол мулоқотга кириша олади, соғлом болалардек гаплашади, бироқ дарсларни умуман ўзлаштиролмаяпти. Мени хавотирга солаётгани бола жуда шўх, доим бирор ўқувчига озор бермасин деб кўз-қулоқ бўлиб тураман. Дарсда диққатим фақат шу болада бўлади, сал чалғисам, бирор ишкал чиқаради. Бошида савоб учун болани ўқитишга рози бўлгандим, аммо кейинги вақтларда жуда чарчадим. Буни мактаб директорига ҳам айтдим. Яқинда отасини чақиртириб, болани мактабдан олишини сўрадим. Отаси: «Илтимос сиздан, болам мактабга келиб, кетса бўлди, ўқимаса ҳам майли», деди. Нима қилишга ҳайронман, бошим қотган.

Суриштирсак, ушбу мактабда психолог штати вакант экан. 387 нафар ўқувчига эга мактабда ҳамшира ҳам ишга олинмаган. Аслида, психолог ва ҳамшираси йўқ мактабда инклюзив таълимга рухсат бериш мумкинми? Инклюзив таълим синфи очишнинг қонун-қоидаси қандай?


Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва «Умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом»га асосан, ўқувчиларни
инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга қабул қилиш ҳудудий халқ таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Низомга кўра, инклюзив таълим синфларидаги ўқувчиларга индивидуал таълим дастурларини ўзлаштиришга ёрдам кўрсатиш учун махсус педагоглар ва тюторлар (ёрдамчи педагог ходимлар) фаолият кўрсатиши керак. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлар очилган мактаб учун алоҳида махсус педагог штат бирликлари ажратилиши белгиланган. Аммо юқоридаги мактабларда махсус педагог ёки ёрдамчи педагог ишга олинмаган. 30-ИДУМда ўқитувчи-логопед бўлмагани учун синф раҳбари ўқувчига дарсини тўлиқ етказиб беролмаётган бўлса, 53-умумий ўрта таълим мактабида ёрдамчи педагог бўлмагани сабабли ўқитувчи чарчаганини айтмоқда.

Аслида, инклюзив таълим синфларида ўқувчиларга олий маълумотли, шунингдек, тегишли қайта тайёрлашдан ўтган ўқитувчи ёки дефектологлар томонидан дарс берилиши лозим.

Бундан ташқари, инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлар очилган мактабларда ўқувчиларга психологик ёрдам бериш мақсадида махсус ёрдам кўрсатиш хоналари ташкил этиш белгиланган. Аммо биздаги икки сменада дарс ўтиладиган, ҳатто ўқитувчилар учун хона ажратиб беролмаётган мактабларда бундай шарт-шароитни яратиш осон эмас.  

Шунингдек, низомда мактаб психологининг ҳам вазифалари белгиланган. Мактаб психологи ўқувчини индивидуал ривожлантириш (оилада ва инклюзив таълим шароитида таълим бериш) дастурларини тузиш, ўқувчилар билан гуруҳларда машғулотлар олиб бориш, ўқувчиларни доимий равишда психологик-педагогик жиҳатдан ўрганиш ва уларни тарбиялаш бўйича ота-оналарга маслаҳатлар бериш каби вазиларни бажаради.

Шу ўринда инклюзив таълим синфи мавжуд мактабларда тиббиёт ходимининг ҳам ўз вазифаларини келтириб ўтамиз. Тиббиёт ходими ўқувчиларнинг руҳий асаб ҳолатини текширади, зарурат бўлганда, даволаш муолажаларини тавсия этади, коррекцион-педагогик таълим жараёнида болалар соғлигини назорат қилади ҳамда ақлий ва жисмоний юкламанинг меъёрини белгилайди. Шунингдек, ўқувчиларнинг соматик ва руҳий саломатлигини сақлаш юзасидан ота-оналарга маслаҳат беради ва бошқа мутахассислар билан ҳамкорликда уларни соғломлаштириш ишларини олиб боради.

Савол туғилади, юқорида келтирилган психолог ва тиббиёт ходими ишга олинмаган 53-умумий ўрта таълим мактабида ушбу вазифаларни ким бажаради? Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия масаланинг бу томонларига эътибор бермаган бўлса, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими қаерга қараган?

Тойлоқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими болаларни ижтимоий психологик қўллаб-қувватлаш ва инклюзив таълим шуъбаси методист психологи Мўмина Ҳасанованинг айтишича, келаси йилдан туман мактабларининг 50 фоизида инклюзив таълим синфлари ташкил этилади. Айни пайтда туманда 89 нафар бола якка тартибда уйида таълим олмоқда. Бироқ Низом талабларига амал қилмасдан, шунчаки ўқитувчига 10 фоиз устама бериш йўли билан инклюзив таълим синфи очиш болани, ўқитувчини, қолаверса, ота-онани ҳам қийнаб қўяди. Буни соҳа масъуллари тушуниши, мактабда етарли шарт-шароит яратилгач, инклюзив таълимга рухсат бериши керак.

Хуршида Эрназарова.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.