Иншоотлар таъмирталаб, спорт зал йўқ, жиҳозлар етишмайди
Жорий йилнинг ўтган даврида Нуробод тумани ёшлари халқаро мусобақаларда 7 та, Осиё ва республика чемпионатларида 47 та медални қўлга киритган. Шунингдек, туманда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида 16 километр саломатлик, 12 километр велойўлак, 22 та стритбол, 22 та “Workout” майдончаси фойдаланишга топширилиб, қурилиш ишларига қарийб 4 миллиард сўм маблағ сарфланган. Аммо соҳада ечимини кутаётган бир қанча муаммолар борки, унга мутасаддилар эътибори керак.
- Туманимизда 242 та спорт иншооти мавжуд, - дейди туман спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Фурқат Қурбонов. – Шундан биттаси болалар-ўсмирлар спорт мактаби бўлиб, унда 63 нафар тренер-ўқитувчи 2076 нафар йигит-қизга 16 спорт туридан машғулот ўтмоқда. Ушбу спорт мажмуасига қарашли Жом ва Жарқудуқ қишлоқларида иккита спорт базаси бор. Беш йил олдин жорий таъмирланган бу икки иншоот ҳозир яна таъмирга муҳтож. Бинолар томидан қор-ёмғирли кунларда сув ўтяпти, зал таъмирталаб ҳолга келиб қолган, майдонлар ҳам талабга жавоб бермайди. Реконструкция қилишга эса имконимиз йўқ.
Бундан ташқари, тумандаги 76 та мактабдан 32 тасида спорт зал бўлса, 44 тасида йўқ. Шунинг учун ўқувчилар ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғуллана олмаяпти. Бунинг устига, спорт жиҳозлари етишмайди. Ахир, амалий дарс машғулотларида кураш гилами, стол тенниси, футбол ва баскетбол тўплари, баскетбол шити ва гандбол дарвозаси керак бўлади.
Туман спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Фурқат Қурбоновнинг маълум қилишича, муаммолар ечими бўйича туман ҳокимлиги ва вилоят спортни ривожлантириш бошқармасига мурожаат қилинган. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган. Ҳатто спорт иншоотларининг ҳолатини ўрганиш мақсадида республикадан келган ишчи-гуруҳ ҳолат билан танишган бўлса-да, “дастурга киритамиз, муаммони ҳал қиламиз”, дейишдан нарига ўтмаган.
Нурободда спортни оммалаштириш, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш бўйича бир қатор амалий ишларга қўл урилган. Аммо спорт иншоотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларидаги ва соҳа ходимларини қийнаб келаётган муаммоларга барҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.