Инсон қадри улуғ, хотираси муқаддас

Байрам бўлса, шунчалик бўлади-да – юрт раҳбари номингга табрик йўлласа, бу номани вилоятнинг каттаси уйингга келтириб берса, дилдан суҳбатлашиб, ҳолингни сўраса, келтирган совғаларини айтмаяпман ҳалиям, тағин байрамга таклиф қилиб уйингга машина юборса. Шундай юртда яшаётганингга, шу кунларга етказганига минг карра шукрона айтасан-да. Илоҳим, бизни қадрлаганлар бундан юз чандон кўпроқ қадр-қиммат кўрсин! Боши омон бўлсин!

Бу гапларни тойлоқлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 97 ёшли Асрор бобо Истамов Самарқанд шаҳрида ўтказилган байрам тадбирига келар экан, ўзгача ҳаяжон билан гапириб берди.

  – Яратганга шукр, ҳар йили байрамга олиб келишади, дўстларимиз билан дийдор кўришиб, ёшликни хотирлаймиз, – дейди Асрор бобо. – Кўрсатилаётган иззат-ҳурмат, меҳрибончиликларнинг чеки йўқ. Барчаси учун раҳмат. Тошкентдаги, Президент иштирок этадиган байрамларга ҳам таклиф қилишяпти. Бориб, кўнглим яйраб, ёшариб келяпман. Насиб этса, бу йил ҳам бораман. Барака топишсин, дўхтирлар келиб, соғлиғимни текшириб туришибди.

Самарқанд шаҳрида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллигига бағишланган байрам тадбирида Асрор бобо сингари уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, вилоят жамоатчилиги иштирок этди.

Дастлаб, Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Тадбир қатнашчилари майдондаги Хотира китобларини варақлаб, тинчлик ва озодлик учун курашган аждодларимиз, ота-боболаримизни ёдга олдилар.

Шаҳар кўчалари бўйлаб Иккинчи жаҳон уруши даврида фойдаланилган автомашиналар карвони, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳаваскор спортчилар ўртасида югуриш марафони ўтказилди.

Самарқанд туманидаги сўлим масканда фахрийлар учун байрам дастури ташкил этилди. Бу ерда кўргазмали ҳарбий дала полигони яратилиб, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, ҳарбийлар фойдаланган ашёлар намойиш қилинди. Фахрийлар ўтмишнинг оғир дамларини хотирлаб, бугунги дориламон кунлар шукуҳи ҳақида сўзлаб бердилар.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов тантана иштирокчилари ва улар тимсолида бутун вилоят аҳлини байрам билан табриклади.

– Инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши самарқандликлар ҳаётида ҳам оғир асоратлар қолдиргани барчамизга яхши маълум, – деди вилоят ҳокими. – Ўша пайтда вилоятимиздан 152 минг киши фронтга сафарбар этилган. Афсуски, уларнинг 70 мингдан ортиғи урушдан қайтиб келмади. Минглаб юртдошларимиз оғир жароҳатлар билан юртимизга қайтиб келди. Бугунги кунда вилоятимизда ана шу заҳматларни енгиб ўтган 70 нафар дуогўй фахрийларимиз барчамизнинг, халқимизнинг эъзоз ва эҳтиромимизда ҳаёт кечирмоқда. Илоҳим, бу улуғ инсонлар ҳеч қачон касал бўлмасин, умрлари узоқ бўлсин, доим мана шундай тадбирларимизнинг файзи бўлиб юрсинлар!

Тантанали маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан катта концерт дастури ва театрлаштирилган томошалар намойиш этилди.