Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Транспорт йўлаклари ва логистикани ривожлантириш бошқармаси мансабдори пора билан қўлга тушди
Мазкур бошқарманинг бош мутахассиси М.М. хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаро А.Т.ни алдаб, унинг ишончига кириб, Тошкент шаҳрида жойлашган АҚШ элчихонасида ишловчи танишлари орқали виза-стикер олишига ва АҚШга жўнаб кетишига амалий ёрдам беришини ваъда қилиб, тамагарлик йўли билан 14.000 АҚШ доллари пул маблағларини талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳри Камоллидин Беҳзод номли маҳаллада ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.М. ўзи талаб қилган пуллардан бўнак сифатида 10 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.