Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ипак йўли” туризм халқаро университетига ҳужжат топшириб хорижда ўқиш ва икки институтнинг дипломига эга бўлиш мумкин

Самарқанд “Ипак йўли” туризм халқаро университетида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури йўлга қўйилди. Айни пайтда ушбу дастурда тўлов-контракт асосида таҳсил олишни истаган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш қизғин паллада.

– Университетга 1 августдан буён (DOUBLE DEGREE (қўшма дастур)га кўра), бакалавр таълим йўналишининг кундузги шакли бўйича абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш давом этяпти, – дейди ҳужжатларни қабул қилиш бўйича масъул ходим Ҳамид Тўраев. – Бугунгача 50 нафарга яқин ёшлар ариза топширди. Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 10 августга қадар давом этади ва улар ёзма иш ҳамда суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Тўлов-контрактнинг йиллик суммаси 2300 АҚШ долларидан иборат. Ўқиш инглиз ва рус тилларида олиб борилади.

Ҳужжат топшираётган абитуриентлар Индонезия Республикасидаги Сахид политехника (менежмент: туризм бизнесини бошқариш ҳамда оммавий тадбирлар менежменти) институти ва шу давлатнинг Сахид туризм (менежмент: ресторан бизнесини бошқариш) институтида ўқийди. Шунингдек, абитуриентлар Хитой Халқ Республикасидаги Гуйлин туризм (менежмент: меҳмонхоналарни бошқариш) университети ва Чехия республикасидаги Логистика олий (туризм фаолиятида логистика) мактабида таҳсил олиш имкониятига эга.

«Менежмент: туризм бизнесини бошқариш, оммавий тадбирлар менежменти», «Менежмент: меҳмонхоналарни бошқариш» йўналишларида ўқиш истагида бўлган абитуриентлар тўрт йиллик ўқишнинг икки йилини “Ипак йўли” туризм халқаро университетида, икки йилини ҳамкор давлат муассасаларида ўқийди. Шу билан бирга, «Менежмент: ресторан бизнесини бошқариш» йўналишида билим олмоқчи бўлган абитуриентлар Самарқандда уч йил ва Сахид туризм институтида 1 йил ўқийди. «Туризм фаолиятида логистика» йўналишида ўқиш муддати уч йил бўлиб, ўқишнинг бир йили “Ипак йўли” туризм халқаро университетида ва кейинги йиллари Логистика олий мактабида амалга оширилади.

Мазкур таълим шакли бўйича ҳар бир йўналишда 20 нафардан талаба қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, таҳсил олган талабаларга икки университетнинг ҳам дипломлари берилади.

А.ПЎЛАТОВ.