Иқтисодчи минбари: Энергетика соҳасидаги муносабатлар такомиллаштиришга муҳтож

Мамлакатимизда 2024 йилнинг май ойидан бошлаб узоқ вақт, ҳаттоки 2019 йилдан бери кечиктириб келинган, аммо зарурий чора қўлланила бошланди — табиий газ ва электр энергия тарифларини белгилашда бозор тамойилларига таяниш амалиётига ўтилди. Маиший истеъмолчиларга нисбатан амалда қўлланиб келган тарифлар тахминан 1,6 маротаба оширилди. Шу билан бирга электр энергияси бўйича ҳар бир истемолчи (оила) га 200 квт-соатлик, табиий газ бўйича эса мавсумга қараб табақалашган ижтимоий меёрлар жорий этилди.

Табиий саволлар  туғилади:

  1. Охирги беш йил давомида янги тизимга беталофат ўтиш учун комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган эдими, агар шундай бўлса, улар қай даражада амалга оширилди?
  2. Энергия ресурсларининг таннархи мисли кўрилмаган даражада ўсиб боришининг сабаблари синчковлаб таҳлил қилиниб, уни бартараф этиш борасидаги ҳаракатлар қандай кечмоқда?
  3. Агар энергия ресурсларининг истемолида аҳолининг улуши атиги 25 фоиз бўлса, нега субсидиялашдан қутилишнинг асосий юки ишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилмаган?
  4. Наҳотки ваколатли органлар ходимлари ижтимоий меъёрларни тегишли омилларга — оилалар таркиби, улар ҳовлилар ва кўп қаватли уйларда яшаши, шаҳар ва қишлоқ истемолчилари, жанубий ва шимолий ҳудудлар ўртасидаги фарқларга таяниб табақалаштириш лозимлиги ҳақида ўйламаган бўлса?

Токи бу саволларга жавоб топилмас экан, энергетика тизимини либераллаштиришдан юзага келаётган ва яна ҳам кучайиб бориши эҳтимоли катта бўлган салбий оқибатларни олдини олиш амри маҳол бўлиб қолаверади.

Агар аҳоли томонидан коммунал хизматларга илгари йўналтирилган ва ҳозирги шароитда йўналтирилаётган сарф-харажатни солиштирсак йиллик 1,2-1,5 миллиард долларлик ўсишни кўришимиз мумкин. Бу нимани англатади? Бу аҳолининг бошқа истемол товарларига нисбатан тўловчанлик қобилияти шунча миқдорда қисқаради дегани. Гилам, мебел, кийим-кечак, хўжалик моллари, маиший техника ишлаб чиқарувчилари маҳсулот сотиш борасида қийинчиликларга дуч келиши, бу уларнинг даромадлари камайиб, ишчи-ходимларига шу пайтгача тўлаб келаётган маошларни тўлай олмаслигини, уларнинг муайян қисмидан воз кечишини, банк кредитларидан фойдаланаётган корхоналар қарзларини ўз вақтида қайтара олмаслигини, давлат бюджетига солиқлар тушуми қисқаришини ва умуман товар-пул муносабатларида жиддий муаммолар вужудга келишини англатади.

Ҳисоб-китоблар 4-5 кишидан иборат оилага қиш мавсумида бир ойда меёрдаги 500 кубометр эмас, кўпи билан 150-200 кубометр стандартларга мос келадиган босимдаги табиий газ етказиб берилса, уйларни иситишда муаммо бўлмаслигини кўрсатмоқда. Ушбу амалиётни қишнинг қолган ойларида шароит бор ҳудудларда қўллаб, катта самарадорликка эришиш мумкин. Шак-шубҳасиз муайян миқдордаги табиий газ иссиқлик станцияларида ортиқча сарф-харажатлар билан электроэнергияга айлантирмасдан, тўғридан-тўғри хонадонларга етказиб берилса, ҳам самарадорлик ошади, ҳам аҳоли даромадлари ва харажатлари ўртасидаги баланс бузилишининг олди олинади. Мисол учун, бир ойда 25 квадрат метр майдонга эга хонани иситиш учун 50 кубометр, яъни 32,5 минг сўм сарфланса, худди шу хона учун 200 киловатт-соат, яъни 90 минг сўмлик электр энергияси сарфланиши аниқ.

Умуман олганда самарали фаолиятдан узоқлашиб бораётганимизнинг асосий сабабларидан бири — сифат ёндашувидан кўра кўпроқ миқдорий ёндашувга эътибор қаратилаётганида деб тушуниш мумкин. Кўп гапирилишига қарамасдан, Ўзбекистонда ҳалигача энергия баланси тузилмасдан келмоқда. Наҳотки 8 миллионга яқин оилаларнинг ҳар бир мавсумда электр энергия, табиий газга бўлган эҳтиёжини ҳисоблаб чиқиш ва шунга мос тарзда тайёргарлик ишларини амалга ошириш шунчалик муаммоли жараён бўлса?

Гап фақат аҳолида эмас. ЯИМ таркибини таҳлил қилиб, ўсиш суръатларига боғлаб энергетика соҳаси ривожлантирилса, олам гулистон. Биринчи навбатда эътиборга молик нарса бу энергия тежамкорлиги. Ўзбекистон бошқа иқтисоди ўхшаш мамлакатларга нисбатан маҳсулот бирлигига анча кўп энергия сарфлайдиган мамлакатдир. Мисол учун, кимёвий минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган заводлар, сув хўжалиги иншоотларида ишлатиладиган ҳам манан, ҳам жисмонан эскирган асбоб-ускуналар сон-саноқсиз. Худди шундай ҳолатни марказлашган иссиқлик тизимида ҳам учратиш мумкин.

Айтмоқчи бўлганим, инвестициялар нафақат энергия ресурсларини кўпроқ ишлаб чиқаришга, балки энергия сарфини етарли даражада камайтиришга хизмат қиладиган иқтисодий фаолиятни диверсификация қилишга, инфратузилмани такомиллаштиришга ҳам йўналтирилиши лозим.

Бугунги куннинг энг долзарб вазифаси озиқ-овқат хавфсизлиги билан бир қаторда энергия хавфсизлигини таъминлаш. Шундай экан, барча мутасадди шахслар, жамоатчилик ва олимларнинг бор имконияти улардаги муаммоларни бартараф этишга қаратилиши ҳам қарз, ҳам фарздир.

  Илҳом Вафоев, иқтисодчи.