Ишга жойлаш учун 6 минг АҚШ доллари сўраган шахс ушланди

Тошкент шаҳрида фуқарони Европа мамлакатларидан бирида ишга жойлашни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Қайд этилишича, ички ишлар органларига 29 ёшли Алишер Я. мурожаат қилган. Унинг маълум қилишича, 23 ёшли Қобилжон Н. уни Латвияда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, эвазига 6 минг АҚШ доллари сўраган.

6 сентябрь куни кечқурун Мирзо Улуғбек туманида 3900 АҚШ долларини олаётганида Қобилжон Н. ИИББ ходимлари томонидан қўлга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилган.