Ишлатилган ниқобларни қаерга ташлаяпсиз?
Бу саволни бежиз бермадик. Бундай дейишимизга сабаб кўчада кетар экансиз, ҳар жойда тиббиёт ниқоблари, қўлқопларнинг ётганига гувоҳ бўласиз. Ариқлар бўйида, йўлакларда, бекатларда, кўп қаватли уйлар атрофида, жамоат жойларида афсуски, бир марталик ниқоб ва қўлқопларни учратиш мумкин. Агар улардан бемор одам фойдаланган бўлса-чи? Бехосдан ниқобларни босиб олсак ёки шамолда учиб кийимларимизга тегса қанчалик зиёни бор эканлигини ўйлаб кўрганмисиз? Ёки, уларни йиғиштириб кетаётган ободонлаштириш хизмати ходимларига-чи?
Барча давлатлар ишлатилган тиббий ниқоблардан иложи борича эҳтиёткорлик билан муомала қилиш кераклигини айтмоқда. Чунки вирус зарралари уларнинг юзасида жойлашиши ва бир мунча вақт яшаши мумкин.
Ниқобларни эҳтиёткорлик билан олд қисмига тегмаган ҳолда олиб, алоҳида пакетга солиб, маҳкамлаб чиқинди қутисига солиш лозим. Ниқобни олгандан сўнг қўлингизни дарҳол совун билан ювиш ёки антисептик воситалар билан артиш керак.
Гонконг университети олимларининг фикрича, тиббий ниқобларда COVID-19 вируси бир ҳафтагача яшаши мумкин экан. Агар ниқобни коронавирус билан касалланган одам кийиб олган бўлса ва у чиқинди қутисига ташланса, бошқа чиқиндиларни ҳам зарарлайди, уларни тозалайдиган одамлар ҳам касалланади. Аксарият ҳолларда ниқоблар ва қўлқоплар асфальт, майсазор ва бошқа ташқи муҳитларда ётади. Уларни зарарсизлантириш жуда муҳим.
Масалан, Хитойда вирус тарқалишининг олдини олиш учун хавфли чиқиндилар сифатида ниқоблар йиғилади. Таиландда ниқобларни йиғиш учун контейнерларни учратиш мумкин. Қозоғистонда ишлатилган тиббий ниқоб ва қўлқоплар учун махсус қутилар ўрнатила бошланди. Италия ва Бирлашган Араб амирликларида кўчага ниқоб ташлаганлик учун жарималар жорий этилди.
Бугун шаҳримиз кўчаларида кўплаб тиббиёт қўлқопи-ю, ниқоблар ташлаб кетилганига гувоҳ бўляпмиз. Агар ниқобларни тўғри келган жойга отаверсак, бундан ўзимиз кўпроқ зарар кўрамиз.
Муниса ШАМСИЕВА.