Иштихонлик ўқитувчи германияликларга дарс беради

Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили Камолиддин Бедиев Иштихон туманининг Баҳрин қишлоғида туғилган. Болалигидан тил ўрганишга қизиққани учун 1998-2002 йилларда Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг немис филологияси факультетида ўқиди. Ўқишни Берлин техника университетида давом эттириш учун Германияга йўл олди. Университетда коммуникация ва тил-педагогика йўналиши бўйича таҳсил олди. Айни пайтда у Берлин шаҳридаги ўрта таълим мактабида ўқитувчилик қилмоқда.

К.Бедиев 2018 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда. У билан суҳбатимиз ассоциациянинг вазифаси, Германиядаги ўзбек ёшлари учун яратилган имкониятлар ҳақида бўлди.

  - Камолиддин ака, аввало, Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг асосий мақсади ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

  - Ассоциациянинг асосий вазифалари айни пайтда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ёшларимиз билан алоқа ўрнатиш, улар иштирокида турли истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш. Зарур бўлса, ўзбекистонлик ёшларга ёрдам кўрсатамиз, виза масаласида, ўқиш ва иш жараёнида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишда ҳуқуқий маслаҳат берамиз. Шунингдек, ўзга юртдаги ўзбек ёшларининг қалбида азалий қадриятларимизга садоқатни сақлаш мақсадида миллий байрамларни нишонлаш, турли спорт ўйинларини ташкил этиш ҳам мазкур ассоциациянинг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Ассоциация вакили сифатида фаолият олиб бораётганимга икки йилдан ошган бўлса, шу вақт давомида халқаро илмий конференциялар, ўзбек тили форумини уюштирдик. Бу ердаги ўзбек болалари учун ташкил қилинган ўзбек тили машғулотлари доирасида ҳам қизиқарли викториналар, турли танловлар, мусобақалар ташкил этдик. Тадбирлар давомида уларга Ўзбекистондан китоблар етказиб бериш чораларини кўрдик. Ҳозирги пандемия даврида Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда вебинарлар ташкил қиляпмиз. Яқинда Андижон давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ халқаро онлайн конференция ташкил этилди. Мазкур конференцияда АҚШнинг Калифорния университети ва Германиядаги нуфузли олий таълим муассасалари олимлари иштирок этди.

- 2019 йил январь ойида Президентимиз Германияга расмий ташрифи чоғида ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувида Сиз ҳам қатнашган экансиз. Бу учрашувдан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

  - Албатта, ташриф чоғида Президентимиз билан учрашиш, Германияда ўқиётган ва илмий тадқиқотлар олиб бораётган ёшлар учун ташкил этилган суҳбат биз учун унутилмас бўлди. Ўша пайтда кун совуқ эди, аммо суҳбат жуда илиқ, самимий ўтди. Президент учрашувда иштирок этган ҳар бир ёшнинг таклиф ва мулоҳазаларини диққат билан тинглади, ўзининг маслаҳатларини берди. Жумладан, дунёнинг ривожланган давлатларидан бири бўлган Германияда энг замонавий билим ва касбларни эгаллаб, она Ватанимизда жорий қилиш таклифини берди. Бу ўзбекистонлик ёшлар учун жуда яхши мотивация бўлди, дейиш мумкин.

- Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми?

- Ватаним равнақига оз бўлса-да ҳисса қўшсам, ўзимни бахтли ҳис қиламан. Бунинг учун қаерда бўлишимнинг аҳамияти йўқ. Тўғри, юрт соғинчи ҳар лаҳзада қалбни қийнаб туради. Бу ерда тажриба тўплаяпман. Катта-катта режалар, лойиҳалар устида ишлаяпман. Айнан Ўзбекистонда амалга оширишимиз керак бўлган лойиҳаларимиз ҳам талайгина. Шунинг учун ҳам она Ватанимизга бориб ишлаш ниятимиз ҳам йўқ эмас, албатта.

Отабек ШАРОФОВ суҳбатлашди.