Иситиш масаласи: Умумий қозонхоналар кўпайтирилади, индивидуал икки контурли тизимдан воз кечилади

Самарқанд вилоятида 812 мингдан зиёд газлашган хонадон мавжуд бўлиб, уларнинг 312,9 мингтаси табиий газ ва 491,7 мингдан ортиғи суюлтирилган газ билан таъминланган. 2023 йилнинг биринчи ярим йили давомида аҳолидан газ таъминоти билан боғлиқ  энг кўп мурожаат Пайариқ тумани (581 та), Паст Дарғом тумани (408 та), Самарқанд шаҳри (449 та), Пахтачи тумани (295 та), Каттақўрғон тумани (270 та), Иштихон тумани (269 та), Оқдарё тумани (281 та)дан келиб тушган.

“Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳаси доирасида вилоятдаги 319 дан зиёд аҳоли хонадонлари истеъмоли ва ҳисоби қамраб олинган. Истеъмочиларнинг шахсий кабинети ташкил этилиши эса электрон газ ҳисоблагичлар билан боғлиқ мурожаатлар сонини ўтган йилга нисбатан қарийб 300 тага камайтирган.

Ушбу рақамлар вилоят Матбуот уйида “Ҳудудгаз Самарқанд“ газ таъминоти корхонаси масъуллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларга маълум қилинди. Филиал бош муҳандиси Ваҳоб Ҳалимовнинг ОАВ вакилларига билдиришича, хонадонларни иситишда ҳозирги икки контурли иситиш тизимидан воз кечилади.

- Жорий йил май ойидан кўп қаватли уйларни иситишда ҳар бир хонадонга ўрнатилган икки контурли иситиш тизими ўрнига аввал қўлланилганидек бир нечта кўп қаватли уйга хизмат кўрсатадиган умумий қозонхоналар фаолияти тикланади, - дейди В.Ҳалимов. – Чунки алоҳида иситиш тизими соатига 2,7 куб метр табиий газ сарфлайди. Бу жуда кўп. Хонадонлар эса фақат таом пишириш ва чой қайнатиш мақсадлари учун табиий газдан фойдаланиши мумкин. Бу тизим бир неча йил олдин хавфсиз бўлгани учун фойдаланишга киритилганди. Энди катта ҳажмдаги газ сарфланаётгани учун аввалги – бир нечта уйларга мўлжалланган қозонхоналардан фойдаланиш тизимига ўтяпмиз. Бу бўйича шаҳарнинг темирйўл вокзали ҳудудидаги маҳаллада мослаштириш ишлари якунланди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.