Иситиш мавсуми бошланди, уйингиз иситиляптими?

Вилоят ҳокимининг қабул қилинган тегишли фармойишига асосан, жорий йилнинг 4 ноябридан бошлаб вилоятда иситиш мавсуми бошланди.

Унга кўра, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят ижтимоий соҳа ташкилотлари ва коммунал соҳа корхоналарида кечаю кундуз ишловчи штаблар ташкил қилинади. 

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли яшаш уй-жойларига, “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ тизимидаги иситиш қозонхоналарига узлуксиз ҳамда бир меъёрда табиий газ, электр энергияси етказиб бериш ҳамда суюлтирилган газ ва кўмир билан таъминланади. 

Вилоятдаги 3592 та хонадон жойлашган 137 та кўп қаватли уйлар "Иссиқлик таъминоти" МЧЖга қарашли марказлашган қозонхоналар орқали иситилади. Шунингдек, 46 та ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, 5 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда битта тиббий поликлиника ҳам иссиқлик билан таъминланади. 

Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбони, Лоҳутий, Ўзбекистон кўчаларида, шунингдек, Регистон ҳудудида ва Мотрит массивларида жойлашган 11 та марказий ва локал қозонхоналар аҳолига иссиқлик таъминоти етказиб бермоқда. Шунингдек, Нурободда 93 та, Булунғур (18 та) ва Ургут (8 та) туманларида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивларида жойлашган кўп қаватли уйлар ҳам исишни бошлади.

Бироқ, жорий йилда ишга тушиши лозим бўлган қозонхоналар нега фойдаланишга топширилмади? Ушбу мавсумда иситилиши кўзда тутилган аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектлари режаси бажарилмай қолди? 

- Бир неча йилдан буён марказий қозонхоналарда модернизация ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, - дейди “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ бош муҳандиси Жамолиддин Усмонов. – Шаҳардаги уй ичи тизимларини янгилаш, хонадонларда иситиш қувурларини алмаштириш ҳам якунига етгани йўқ. Чунки, кўзда тутилган лойиҳаларга ҳамкорларимиз томонидан бир неча марта ўзгаришлар киритилганлиги сабабли реконструкция ишлари кечикиб кетди. Каттақўрғон шаҳри ва Кимёгарлар қўрғонидаги қозонхоналар таъмирланяпти. Самарқанд шаҳридаги РК-1 ва РК-2 қозонхоналарида ишлар режага кўра жорий йил якунигача давом этади. Аҳоли хонадонларига ички тармоқлар ўтказишда қийинчиликларга дуч келинмоқда. Суғдиёна, Сартепа массивларидаги 384 та кўп қаватли уйларнинг ертўласига иссиқлик тармоғи қурилмалари ўрнатилган. Шунингдек, Рудакий, Беруний кўчаларида ва “Ёшлар” истироҳат боғи арофидаги бир қатор кўп қаватли уйларга РК-1 қозонхонасининг иситиш тармоқлари улаб бўлинди.  

Шунингдек, жорий йилнинг март ойида Президентимизнинг «Турар жойлар, бинолар ва иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва бинолар энергия самарадорлигини ошириш чоралари тўғрисида»ги қарорига асосан  2025-2026 йилларда Самарқанд шаҳридаги 29-сонли қозонхона ва иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш ишлари кўзда тутилган.

Бугунги кунда янги қурилаётган уйларга икки контурли иситиш печлари ўрнатилмоқда. Аммо Президентимиз топшириғига асосан марказлашган иссиқлик билан таъминлашнинг имкони бўлган янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа муассасалари ёпиқ иссиқлик тармоқларига уланади.

Қолган ҳудудлардаги барча аҳоли хонадонлари кўмир, табиий газ ва электр энергияси билан иситилиши кўзда тутилган. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.