Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари геноцид айблови билан суд қилинади

Бугун Исроил БМТнинг олий судида Ғазодаги геноцид айбловларидан ўзини ҳимоя қилишга ҳозирлик кўрмоқда, Бош вазир Бенямин Нетаняху эса илк бор баъзи ўнг қанот вазирларнинг анклавнинг доимий ишғоли чақириқларини очиқчасига рад этган.

Бугун, 11 январ куни Гаагадаги Халқаро судда Жанубий Африка Республикасининг (СА) Исроилга қарши “геноцид” айбловлари бўйича даъвоси бўйича икки кунлик суд мажлиси бошланди.

2023 йил 29 декабрда Жанубий Африка Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганлиги учун Исроилга қарши Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Даъвога кўра, Халқаро суд Исроилга Ғазо секторига ҳужумларни тўхтатишни буйруқ бериши мумкин.

 Иш қаерда кўрилади?

Жанубий Африканинг Исроилга қарши даъвоси фақат давлатлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқадиган ва давлатлар ўртасида юзага келадиган ҳуқуқий низоларни халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳал қилувчи Халқаро Суд томонидан кўриб чиқилади.

Гаагадаги Халқаро Жиноят Судидан фарқли ўлароқ, Халқаро Суд алоҳида шахсларнинг ишларини кўрмайди.

 Жанубий Африканинг Исроилга қарши "геноцид" даъвоси

БМТнинг 1948 йилдаги Геноциднинг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясининг 9-моддасига мувофиқ, агар давлат ушбу конвенция моддаларини бузса, конвенцияга аъзо бўлган ҳар қандай давлат ҳуқуқбузар давлатга қарши Халқаро судга даъво билан мурожаат қилиши мумкин.

Жанубий Африка Халқаро судга Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганлиги учун Исроилга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган ва Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олишни талаб қилган.

ЖАР шунингдек, Исроилга блокададаги Ғазо секторига ҳужумларни тўхтатишни буюрган вақтинчалик тақиқни талаб қилди.

Жанубий Африкалик адвокатлар 11 январь куни бўлиб ўтадиган суд мажлисида судьялар олдида бундай чоралар кўриш зарурлигини исботлашга ҳаракат қилади. Эртаси куни эса исроиллик адвокатлар судья Тель-Авивга қарши бундай чоралар кўришдан бош тортиши учун ишончли далилларни тақдим этиши керак.

 Томонлар вакиллари

Суд мажлисида Жанубий Африкадан аввал бир неча бор Халқаро суд судьяси лавозимида ишлаган жанубий африкалик профессор Жон Дугард бошчилигидаги бир гуруҳ адвокатлар, Исроил томонидан эса британиялик ҳуқуқшунос Малкольм Шоу иштирок этиши кутилмоқда.

БМТ тингловларида делегациялар таркибига одатда мамлакатлар ташқи ишлар ва адлия вазирликларининг юқори мартабали амалдорлари ва ҳуқуқшунослари киради.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябрь куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти Изз ад-Дин ал-Қассам бригадалари Исроилга қарши Ал-Ақсо тўфони операцияси бошланганини эълон қилди.

Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг айтишича, операция исроил томони Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ўнлаб қирувчи самолётлар ёрдамида ҲАМАСга қарши “Темир қиличлар” операцияси бошланганини эълон қилди ва бу Ғазо аҳолисининг қирғинига айланди. 27 октябрь куни Исроил армияси Ғазода қуруқликдаги операцияларни бошлади.

Айни дамда исроилликларнинг эксклавдаги ҳужумлари натижасида қурбон бўлганлар сони 23,2 минг кишидан ошган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. 59 мингдан зиёд киш жароҳат олган.

Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда.

Минглаб бинолар, жумладан касалхоналар, масжид ва черковлар Исроилнинг ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари натижасида зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган.

Исроилда қурбонлар сони 1200 га яқин.