Иссиқда қолган қовун-тарвуз қанчалик зарарли?

Шу кунларда ёз неъматлари, мева ва полиз маҳсулотлари ғарқ пишган пайт. Йўлларда қовун-тарвуз сотувчилар ҳар қадамда учрайди. Лекин йўлда қуёш нури остида сотилаётган маҳсулотнинг ҳаммасини ҳам истеъмол қилиш мумкинми?

Ўрганишлар натижасида полиз маҳсулотлари иссиқда, палагидан узилгандан кейин 3-5 кун ўтиб ичидан айниб бошлайди. Биз эса уларни қачон узилганини аниқ билмасдан, сотувчининг гапи билан харид қилиб истеъмол қилаверамиз. Сўнг организмимизда яллиғланиш, қорин оғриғи ёки ич кетиш каби бошқа касалликлар келиб чиқади. Энг ёмони бундай ҳолатда касаллик организмда сурункали, узоқ давом этади. Бемор қатъий режимда шифохонада даволанмаса, организмни оғир аҳволга солади.

Шунинг учун полиз маҳсулотларини иссиқ кунда сотиб олганингиздан кейин уйда музлатгичга вақтинча бўлса ҳам бироз қўйиб, кейин истеъмол қилинса, ўринли бўлади. Чунки иссиқлик таъсирида кўпгина ҳўл мева ва полиз маҳсулотларининг ички қисми ўзгаради, поясидан узиб олиб, машинага ортганда эзилади, лат ейди, жароҳатланади. Натижада эзилган, лат еган жойлари иссиқлик ҳисобига бижғиб, тами ўзгаради, қолаверса, сотилгунча вақт ўтади. Шунинг учун, ҳурматли истеъмолчилар, бундай маҳсулотлардан эҳтиёт бўлинг ва қоидаларга амал қилинг.

Санжар АДИЛОВ,

вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув маркази ўқитувчиси.