Иссиқхоналарга табиий газ бериляпти. Аммо айрим талаблар ҳам бор
Атмосферанинг ёмонлашувида иссиқхоналарнинг ҳам таъсири катта. Чунки сўнгги пайтда иссиқхоналарни иситиш учун турли резина, эскирган транспорт шиналари ва бошқа воситалар ёқилмоқда.
Аммо аксариятида замонавий фильтрлар ўрнатилмаган. Ўтказилаётган рейд ва мониторингларда бундай ҳолатлар аниқланиб, уларга чек қўйилмоқда.
Икки йил илгари кўп газ сарфловчи йирик корхона ва ташкилотлар, жумладан, иссиқхоналарнинг ҳам кўмирдан фойдаланиши талаб қилинган эди.

Бугунги кунда табиий газдан фойдаланиш учун «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали билан шартнома тузган иссиқхоналар сони 75 тани ташкил қилади.
- Ўтган йили вилоят бўйича 86 та иссиқхонага табиий газ берилганди, - дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали директори ўринбосари Салоҳиддин Маллаев. – Жорий йилда уларнинг сони 75 тани ташкил этмоқда. Уларнинг кўпчилиги йилнинг иссиқ пайтида табиий газга эҳтиёж бўлмаган вақтда фаолият кўрсатмоқда. Энди совуқ тушиши билан тадбиркорлар келиб, газ тармоқларига уланишни сўраяпти. Агар иссиқхоналар техник талабларга жавоб берган ҳолда рухсатнома олса, зудлик билан тармоққа уланмоқда.
«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали Самарқанд тумани бўлими билан шартнома тузган 5 та иссиқхонада жорий йил ҳисобидан бирор марта табиий газдан узилиш бўлгани йўқ. Жумладан, туманнинг Чумчуқли маҳалласидаги «Икромжон олма боғлари» МЧЖга қарашли 5 гектарлик иссиқхона уч йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.

- Табиий газга мослашган тизим орқали 2 гектар майдонда ўн турдан зиёд гул кўчатлари етиштиряпмиз, - дейди корхона агрономи Акмал Раимжонов. – Икки йил илгари табиий газдан узилгач, самарадорлик пасайиб, тузилган шартномаларимизни бажара олмай қолдик. Кўп иқтисодий зарар кўрдик. 2024 йилда яна табиий газ тармоқларига уланишга рухсат берилгач, фаолиятимиз ривожланди. Айниқса, Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ишимизни кенгайтиришга туртки бўлди. Энди помидор, бодринг, турли хил кўкатлар етиштирмоқчимиз. Ҳозирда ер майдонларини тайёрлаб, уруғ экишга ҳозирлаб қўйганмиз.
Тумандаги “Карвон файз” МЧЖга қарашли 1,5 гектарлик иссиқхона ҳам табиий газ билан иситилади ва йилига 30 тоннагача помидор, бодринг етиштирилади.
– «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали туман бўлими билан тузилган шартнома асосида узлуксиз табиий газ билан таъминланганмиз, - дейди корхона иш бошқарувчиси Рафиқ Каримов. - Хориждан олиб келинган замонавий иситиш тизимлари газни иқтисод қилишга ёрдам беряпти. Шундай бўлса-да, дизель ёқилғиси билан ишлайдиган қўшимча печларимиз ҳам тайёр турибди. Агар газ босими пасайиб кетса, дарров ишга соламиз. Лекин ҳозирча бундай ҳолат бўлгани йўқ.
Туман газ корхонаси мутахассислари барча иссиқхоналарнинг техник ҳолати, тармоқларни ўрганиб, етарли миқдорда газ етказиб бермоқда.
- Иссиқхоналар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш яхши самара бермоқда, - дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали туман бўлими етакчи муҳандиси Орифжон Нарзиқулов. – Улар учун газ етказиб беришда ҳеч қандай чеклов йўқ. Яъни, иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга. Октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида иссиқхоналар эгаларига газ учун аввалги 100 фоиз ўрнига, 50 фоизлик олдиндан тўловни амалга оширишга рухсат берилган. Шунингдек, улар электр ва газ узилишлари ҳақида олдиндан хабардор қилинади.
2026 йил 1 январдан 2028 йил якунига қадар иссиқхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Уларни табиий газ билан кафолатли таъминлаган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорти ҳажмини 30 фоиздан 70 фоизга ошириш ҳамда келгуси йилдан уларнинг ер майдонларини ҳам кўпайтириш кўзда тутилган.
Табиий ресурсларга талаб йилдан йилга ошяпти. Совуқ пайтда тармоққа катта юклама тушиб, газ босими пасайиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам таъминотчи билан тузилган шартномада ҳар бир тадбиркорнинг ўз захира ёқилғиси бўлиши керак, деган банд бор. Техник шартнинг ўзида ҳам таъминотчининг қишда газ етказиб беролмаслиги мумкинлиги қайд этилган. Газ узилдими, тадбиркор муқобил ёқилғига ўтиши керак. Шунда ҳам иссиқхонадан фойдаланилаётган печь ва иситиш воситаларидан чиқаётган заҳарли газлар атроф-муҳитга зарар етказмаслиги зарур. Бунинг учун эса улар тозалаш ускуналари ўрнатиши талаб қилинади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.