Истанбулда саккиз ойда 700 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси паспортини йўқотгани аниқланди

Охирги пайтларда Истанбул шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат – паспортга оид муаммолар сони кескин кўпайди.

Вазирлик маълумотида бу муаммолар асосан фуқароларимизнинг паспортни ўғирлатиши, яроқсиз ҳолатга келтириши, гаровга бериши, йўқотиб қўйиши ва амал қилиш муддатини ўтказиб юбориши туфайли келиб чиқаётгани айтиб ўтилган .

Хусусан, 2019 йилнинг 1 январидан 1 сентабрига қадар бўлган муддат давомида Бош консулхона томонидан 1328 та фуқароларимизга ватанга қайтишларида амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Улардан:

- 671 нафари паспортини йўқотган;

- 44 нафари ўғирлатган;

- 263 нафарида паспортнинг амал қилиш муддати ўтиб кетган;

- 6 нафаридан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан турли тергов ёки паспортдаги сохта муҳрларни аниқлаш мақсадида олиб қўйилган.

Бундан ташқари, 314 та сертификат Туркияда туғилган ёки кетишга ҳужжати мавжуда бўлмаган болаларга ва 57 таси эса бошқа сабаблар учун расмийлаштириб берилган.

Ушбу муаммоларни ўз вақтида билан ҳал қилишда Бош консулхона томонидан фуқароларимизга тегишли ҳуқуқий-консуллик ёрдамлар кўрсатилмоқда ва уларга ватанга қайтиш сертификатлари ўрнатилган муддатда расмийлаштириб берилмоқда.

Паспорт ўғирланса ёки йўқолса, фуқаролар бу ҳақида ариза билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишлари лозим. Ўз навбатида ваколатли идоралар паспорт ўғирлангани ёки йўқолгани тўғрисида маълумотнома беради.

Ушбу муаммони таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, аксар ватандошларимиз ўзларининг Туркияда ноқонуний юрганлиги сабабли паспорт ўғирлангани ёки йўқолгани ҳақида полицияга мурожаат қилмайди. Улар Бош консулхонага паспорти йўқолган шахс сифатида мурожаат этишади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, паспорт ўғирлангани ёки йўқолгани тўғрисида полицияга ўз вақтида мурожаат қилиш келажакда фуқаро паспорти билан боғлиқ эҳтимолий муаммолардан (жиноий гуруҳ аъзолари ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишилари мумкин) асрайди.

Асосан паспортни ўғирлатиш ёки йўқотиш ҳолатлари Истанбул шаҳрининг Фотиҳ тумани ҳудуди (сайёҳлар ва тадбиркорлар кўп келадиган Лалили, Оқсарой, Қумкапи ва Боязит мавзелари)да кўп рўй бермоқда.

Бундан ташқари, фуқароларимизнинг ўз паспортларини ўзгаларга гаров сифатида бериб, Бош консулхонага ҳужжатини йўқотган шахс сифатида мурожаат қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Энг ачинарлиси, паспортларини гаровга қўйиб, Ватанга қайтиш гувоҳномаси билан Ўзбекистонга кетганлар устидан шикоят аризаси билан мурожаатлар қилинмоқда ва уларнинг гаров эвазига олган қарзларини қайтаришлари талаб қилинмоқда. Энг ачинарлиси, паспортларини гаровга қўйиб, Ватанга қайтиш гувоҳномаси билан Ўзбекистонга кетганлар устидан шикоят аризаси билан мурожаатлар қилинмоқда ва уларнинг гаров эвазига олган қарзларини қайтаришлари талаб қилинмоқда. Бу каби ҳолатларда Бош консулхона вазиятга аниқлик киритиш ва тегишли чоралар кўриш учун шикоят аризасини расмийлаштириб Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар манзилига юбормоқда.

Шу билан биргаликда фуқаронинг эътиборсизлиги туфайли паспортларни амал қилиш муддати ўтиб кетиш ҳолатлари ҳам ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бош консулхонага эътиборсизлиги туфайли паспортининг амал қилиш муддати 5 - 7 йил олдин тугаган фуқаролар ҳам мурожаат қилган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, паспортни бепарволик билан йўқотиш ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 3 бараваригача миқдорида жарима солишга асос бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси, 1-қисми).

Бош консулхона Туркияда бўлиб турган ёки у бу ерга келмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларини ўз шахсини тасдиқловчи фуқаролик паспортларини асраб-авайлашга ва ундаги амал қилиш муддатига эътиборли бўлишга чақиради.

Элчихона ва Бош консулхона Туркияда бўлиб турган фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Зарур ҳолатларда фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг Анқара шаҳридаги Элчихонаси консуллик бўлимига (+90312 441-17-46, E-mail: uzconsul.ankara@gmail.com, faks:+90 312 442 70 58) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилишлари мумкин (+90 212 323-20-37, faks:+90 212 312 20 40, E-mail:uzbekconsul@yahoo.com).