Истанбулдан Фарғонага чартер рейс билан учиб келган фуқаро инсультдан вафот этди
Бугун, 25 март куни эрта тонгда “Истанбул – Фарғона” авиарейси орқали олиб келинган 244 нафар Ўзбекистон фуқаролари карантинга олинди.
Ушбу чартер рейс билан учган 63 ёшли, ногиронлиги мавжуд фуқаро Ф.нинг аҳволи самолётда оғирлашган. Унда юрак етишмовчилиги, оёқ ва қўлларида ҳаракатсизлик кузатилган. Бу ҳақда хабар олингач, Фарғона шаҳар ҳалқаро аэропортига махсус жиҳозланган реанимобил тез тиббий ёрдам машинаси ўз вақтида етиб келган.
Шундан сўнг беморга зудлик билан реанимацион муолажалар кўрсатилган. Машина ичида унга юрак, нафас тизимини яхшилаш учун муолажалар бажарилиб, дефибриляция амалиёти тезкорлик билан ўтказилган. Стандартлар бўйича ўтказилган муолажаларга қарамасдан, бемор вафот этган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, унга бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Айни пайтда суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда.
Бошқа йўловчилар Олтиариқ туманидаги “Қизилтепа” сиҳатгоҳига жойлаштирилди.
Ҳозирги кунда ушбу муассасада жойлаштирилганларнинг барчасини соғлиги тиббиёт ходимлари томонидан белгиланган тартибда назоратга олинган.