Ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига болалар қандай қабул қилинади?

Вилоятимизда учта - Самарқанд шаҳридаги 60-сонли ва 78-сонли ҳамда Каттақўрғон шаҳридаги 10-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд. Уларда 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган 293 нафар ривожланишда жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар тарбияланмоқда. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналист ва блогерлар учун бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Ривожланишда жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича доимий фаолият олиб борувчи тиббий-психологик-педагогик комиссия ташкил этилган, - деди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Зайниддин Жўраев. – Мазкур тиббий психологик-педагогик комиссия томонидан ҳар ойнинг охирги чоршанба куни ўтказиладиган тиббий кўрик хулосаси асосида давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари болаларни қабул қилади.

Ихтисослаштирилган болалар боғчалари тўлиқ давлат томонидан таъминланади. Мазкур ташкилотларда ривожланишда жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар билан коррекцион ишлар шифокор, педагог, дефектолог, ҳамшира ва тарбиячилар ҳамкорлигида ташкил этилган. Болаларга 12 соатлик иш тартибида 4 маҳал ва 24 соатлик гуруҳларда эса 5 маҳал овқатлантириш тизими жорий этилган.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига эшитишда, кўришда, таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлари бўлган, психик ривожланишда кечикаётган, ақлий заифлиги бўлган тарбияланувчилар қабул қилинади.