Жамоат арбоби Бектош РАҲИМОВ Самарқандга муносиб фарзанд эди
Бу одам тўғрисида бирорта даврада салбий фикр эшитмаганман. Қолаверса, барча анжуман ва гурунгларда одамларни ўз сўзига ишонтира олганига гувоҳ бўлганман. Кўпчиликнинг фикри бу: Бектош ака Самарқанднинг муносиб фарзанди эди!
Газетамизнинг 1974 йилдан кейинги тахламларини варақлаб чиқдим. Ўзим ва бошқа муаллифлар ёзган мақолаларга кўз ташладим: ҳар куни бир янгилик, ҳар куни бир масала муштарий ҳукмига ҳавола этилади. Дарвоқе, у киши йиғилиш аввалида журналистлар бор-йўқлигини сўраб олгач, кейин сўзини бошларди. Шонли тарихимиз, бетакрор обидаларимиз, улуғ алломаларимиз ҳақида фахр билан гапиришига ҳавас қилардик.
Касбим тақозосига кўра туманларга борганда ўзим гувоҳ бўлганман: вилоят раҳбарини ўз ҳудудида ўша заминнинг таниқли кишилари, оқсоқоллар кутиб олишар ва Бектош ака аввал улар билан чин дилдан суҳбат қурарди. Айниқса, ўша даврда танилиб қолган олимлар ва зиёлиларни у киши ҳар бир йиғилишга даъват этарди. Муҳими, бу зиёлилар газетамизда тез-тез долзарб мавзуда чиқишлар қилишарди.
Ҳамон ёдимизда. Муҳарриримиз келгуси иш режасини белгилаб олиш учун ҳар куни эрталаб "планёрка" ўтказарди. Ўшандай пайтларда муҳаррир телефони тез-тез жиринглаб, оператор қизнинг "Биринчи сизни сўраяпти", деган овози эшитиларди. Муҳаррирнинг у ёки бу даражадаги ҳаяжонини унинг юзидан билиб турардик. Биринчи раҳбарнинг газетани мунтазам кузатиб боришини яхши билар эдик. Шу боис яна нима гап экан, дея вужудимиз қулоққа айланарди. Гўшакни қўйган муҳаррир қувончини яширолмасди: "Фалон-фалон мақолалар учун ўртоқ Раҳимов раҳмат деди" деярди. Бундан ижодий жамоамиз ғурурланиб кетарди. Ёки мажлисларда Бектош Раҳимовнинг газетани юқорига кўтариб, "Мана бу мақолани ўқидингми?", дея тегишли одамдан сўраб, уни иззат қилган, "Фалон жойда фалон киши яхши иш қиляпти, уни республикага ёйиш керак", дея кўрсатма берганини кўп бора эшитганмиз. Бир сўз билан айтганда, газета биринчи раҳбарнинг ғоявий, маънавий қуроли сифатида ардоқланар эди. Ўша йиллари газета олтмиш-етмиш минг нусхада босиларди.
Бектош Раҳимов раҳбар сифатида биринчи галда шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартиришга катта куч сарфлади. Жумладан, қадимий кентлардан бири Мирбозор қўрғони обод қилинди. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотирасига ёдгорлик ўрнатилиб, музей барпо этилди. Пахтачи туманида Хумор, Жомбой туманида Бешбола, Самарқанд шаҳридаги Фарҳод қўрғонлари янги кўринишга эга бўлди.
Каттақўрғон туманидаги Кадан қишлоғида маданият саройи қад ростлади. 1975 йилда Регистон майдонида "Самарқанд юраги" деб номланган собиқ иттифоқда биринчи нурли, овозли панорама ишга туширилди. Ўша йили ўзбек оқинлари – Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир ва Пўлкан шоирларнинг юз йиллиги кенг нишонланди. Бахшилар хотирасига ҳайкал ўрнатилиб, Регистон яқинида хиёбон ташкил қилинди. Воҳамизни сув билан таъминловчи 1-Май номи билан аталувчи тарихий тўғон мажмуасида сув ва суғориш тарихига оид музей очилди. Ургут туманидаги иккита хўжалик ерларини сув билан таъминлаш имконини берадиган Тожикистон Республикаси ҳудудидаги "Дўстлик" деб номланувчи насос станцияси ишга туширилди.
Ургут ва Самарқанд туманининг беш минг гектар ерини суғоришга мўлжалланган сиғими 19 миллион куб метр бўлган Қоратепа, Мўминобод сув омборлари ўша йиллари қад ростлади. Чўпон ота массивида халқаро андазаларга тўла мос келадиган эшкак эшиш каналининг бунёд этилиши ва унга яқин жойда қайиқ заводининг қурилганлиги тарихий воқеа бўлди.
Бектош Раҳимовнинг Оҳалик зонасида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида жўжа очириш инкубациялари ва фабрикалар қурганлигига ҳам гувоҳ бўлганман, ушбу воқеалар газета саҳифаларида мунтазам ёритиб борилган ва бугунги паррандачилик тармоғи ривожига ўша йиллари асос солинганди.
– Бектош Раҳимов қишлоқ меҳнаткашларини қадрлар, уларни эъзозлашни, рағбатлантиришни яхши кўрар эди, – дейди "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. – Пахтачилик, полизчилик, боғдорчилик ёҳуд бошқа касб соҳиби бўлсин, унда "йилт" этган нарсани кўрса, уни юксакларга кўтарар, кўз-кўз қилар эди.
Пахтачилик соҳасида Бобошер Шовқиев, Бозор Доноев, Шамси Назаров, Зулайҳо Норқулова, Жониқул Юсупов, Бойтўра Кўмаков, Нормаҳмат Эсонтурдиев каби ўнлаб зарбдорлар номини элга ёйишда шубҳасиз, Бектош Раҳимовнинг хизмати катта бўлди.
"Уч қора" майизи ҳақида тўлқинланиб сўз очар ва уни, ҳатто космонавтларга қувват учун бир-икки донадан улашилишини фахр билан гапирарди. Ёки Самарқанд, хусусан, Иштихон қовунлари шуҳратини тиклаш, майизларимизни қадоқлаб, экспортга чиқариш, Қўшработ ва Нурободда йилқичиликни ривожлантириш учун қилган ҳаракатлари ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайди. Самарқанд сут комбинати ташкил қилиб, унда ўндан зиёд сут маҳсулотлар тайёрлатгани, чувот ва қимиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлиги кечагидек ёдимизда. Қоракўл ва ангор эчкиларини кўпайтириш, чорвачиликни ривожлантириш учун бутун-бутун комплекслар ишга туширилди.
Сахий далаларда етиштирилган ноз-неъматларни шаҳарликлар дастурхонига тортиқ этиш йўлида "Самарқанд ерининг саховати" анъанавий кўргазмаси ва қовун сайили узоқ йиллар халқимиз ёдида муҳрланиб қолди.
Бектош Раҳимовнинг Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш, тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш, янги ижтимоий бинолар бунёд этишдаги ҳиссаси алоҳида таҳсинга лойиқдир. Халқ дарди билан яшаш, хусусан маҳаллий кадрларни кўпайтириш унинг учун осон бўлмаганди. Ўша даврдаги тузим ва сиёсат бунга йўл қўймасди ҳам. Чунки бошқарув ва ижро аппаратлари, уларнинг жойлардаги идора ҳамда ташкилотларида бизга "йўл кўрсатувчи"ларнинг бутун бир армияси фаолият кўрсатар, босилган ҳар бир қадамни улар ўлчаб туришарди. Бундай кезларда устамонлик билан иш юритмаган одамнинг "оёғи тойиб" кетиши ҳеч гап эмасди. Бектош Раҳимов бундай синовлардан ўзининг билимдонлиги ва ташаббускорлиги, лозим пайтда фавқулодда хулоса чиқара олиши каби фазилатлари билан улардан устун келганди.
Пиллани ота-бобоси умрида кўрмаган киши бош бўлса, қирқ даража иссиқда ақалли оддий темирни ушлаб кўрмаган киши "Сельхозтехника" идораларини бошқарса, пахтани "беда" деб ўйлаган кишилар нуфузли идораларда ўтириб олса, чорва нималиги тушига ҳам кирмаган зот бутун бошли туман ва совхозларни идора қилса… Бунга қандай чидаш мумкин эди. Илдизи чуқур томир отган бундай инсонларни четга суриб қўйиш осон иш бўлмаганди ўшанда.
– Бироқ Бектош Раҳимов уларни "мот" қилиш йўлини ўйлаб топганди, – дейди меҳнат фахрийси Тошбўри Қиличев. – Катта бир йиғилишда улардан бирини турғазиб. Ўртоқ фалончиев, қани айтинг-чи, сизнинг қавмингизга мансуб битта пиллачи ёки механизаторни менга топиб бера оласизми? Қаҳрамонликка тавсия қиламан, деб қолди. Шубҳасиз, улар жим. Мана кўрдингизми, деди ўшанда Бектош ака. Сизлар ўз устиларингизда ишламайсизлар, жонни койитмайсизлар. Шундан кейин ўнлаб раҳбарлар бирин-кетин алмаштирилди.
Ватанимиз мустақилликка эришгач, Бектош Раҳимов узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Фахрийлар ташкилотлари уюшмаси Кенгаши жамғармасига раислик қилди. Иккинчи жаҳон урушида дом-дараксиз кетган 400 минг шаҳиднинг исм-шарифи ёзилган "Хотира китоби"ни нашр эттирди.
Дарвоқе, Бектош Раҳимов билан 1998 йилнинг 23 октябрида учрашган эдик. Ўшанда Самарқандда Имом Бухорий, бир кундан кейин Фарғонада Аҳмад ал-Фарғоний ёдгорлик мажмуалари очилган эди. Ўшанда биз Фарғонада у киши билан суратга тушдик. Ушбу сурат жамоат ва давлат арбобидан менга ёрқин хотира бўлиб қолди.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
журналист.
Бектош Раҳимов 1924 йил 23 февралда Нарпай туманида туғилган. Ўрта Осиё давлат университетида таҳсил олган. Нарпай туман мактабларида ишлаган.
Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, халқ маорифи бўлими йўриқчиси, ижроқўм раиси ўринбосари, раиси, Тошкент Олий партия мактаби тингловчиси. ЎзМарказкомда масъул ташкилотчи, Нарпай, Каттақўрғон туманлари, Хоразм ва Андижон вилоятларининг биринчи раҳбари. Сўнгра Самарқанд вилоят комитетининг биринчи секретари вазифасида ишлаган.