Жамоат мулкига муносабатимиз ўзгарадими?

Тилимизда кўп қўлланиладиган “жамоат мулки” тушунчаси қонунчилигимизда акс этмаган. Биз умумий фойдаланувда бўлган давлат мулкига шундай нисбат беришга ўрганганмиз.

Бундан мақсад – аҳоли орасида мазкур мулк шаклига нисбатан “эгалик” туйғусини шакллантириш ва шу орқали уларни асрашда жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўлса керак. Бироқ буни барча ҳис қилмаяпти. Аксинча, жамиятимизда ҳамон жамоат мулкига нисбатан бефарқлик, ундан ҳам ёмони, тажовузкорона муносабат устунлик қилмоқда.

Топталган яшил майдончалар, шикастланган дарахт ва ёриткичлар, синган ўриндиқлар, чиқиндихонага айлантирилган бекат ва кўчалар... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ачинарлиси, биз шундай манзараларни ҳар куни ва ҳар ерда кўрганимиз учун буни одатий ҳолат сифатида қабул қилишга ўрганиб боряпмиз. Ўзимизники бўлмаган нарсага ачинмайдиган бўлиб қолдик.

Аслида давлат мулки ҳам бегонаники эмас. У халқнинг пули эвазига келади. Биз уни тасарруф этиш ҳуқуқинигина давлатга берамиз. Жамоат мулки тушунчаси эса давлат мулки таснифига ҳам унчалик тўғри келмайди.

Изоҳда нима дейилган: Давлат мулки - мулкчилик шаклларидан бири, давлатга қарашли ва унинг ўз вазифаларини бажариши учун зарур барча мол-мулклар ва мулкий ҳуқуқлар. Ўйлаб кўрсак, давлат ўз вазифасини бажариши учун жамоат мулклари унчалик муҳим эмас. Улар асосан халқнинг манфаати, унинг яхши яшаши учун хизмат қилади. Биз ўзимизга зарар етказувчилармиз.

Қўрқинчли одамлар ўлкаси

“Мана шу йўлакларга шундай ўриндиқлар керак, деб Жомбой тумани раҳбарларига бир неча марта таклиф берувдим.

Таклифни жўяли ҳисоблашди. Бир нечта нуқтага мустаҳкам ва сифатли ўриндиқлар жойлаштирилди. Мақсад, қариялар, ёш болали инсонлар кўчада сайр қилиш учун чиқади, зарурат туғилганда бироз ҳордиқ олиши мумкин. Ҳарқалай маданият эгалари яшайдиган ўлкаларда шунақа қулайлик бор.

Ва, биз киммиз? Суратга қаранг!

Баъзан қўрқиб кетади одам. Қачондир ўзгарамизми?”.

Бу ҳамкасбларимиздан бирининг ижтимоий тармоқдаги пости. Савол туғилади? Ўриндиқдаги тахталар бирор кимга керак бўлдими? Йўқ, албатта. Бу жамоат мулкига бўлган тажовузкорона муносабатнинг ёрқин намунаси. Айримлар шу тарзда ўз “куч”ини кўрсатишга уринади. Аммо бу куч эмас, кўпроқ заифлик белгисидир. Тўғри-да, одамлар ҳордиқ чиқариши учун қурилган ўриндиқни синдириб қаҳрамон бўладими ҳеч бир киши? Аламзада бўлсанг, жабрини ҳамма кўриши керакми? Бундайлар жамиятга қилаётган хунрезликлари билан эмас, балки дунёқараши билан кўпроқ зарар келтиради. Боиси, улар ҳам ота ёки она сифатида болаларига “тарбия” беради ёки ёшларга “қаҳрамонлик”ни ўргатади. Хуллас, чархпалак айланаверади, муаммо эса ҳал бўлмайди.

Яна хориж тажрибасидан мисол келтириб, улардан ўрганайлик, демоқчи эмасмиз. Маданият керак бўлса, у ўзимизда ҳам зиёда. Муаммо уни жамоатчиликка етказишда қолмоқда. Агар таълим муассасаларида, жамоат жойида ўзини тутиш, мулкни асраш бўйича машғулотлар, амалий дарслар ўтилганда, телевидениеда шу мавзудаги ижтимоий рекламалар кўпайтирилганда вазият ижобий тарафга ўзгарармиди?! Қолаверса, киноларимизда маданиятли инсонларнинг имиджини тарғиб қилиш, халқда “жамоавий маданият” брендини яратишга кўпроқ эътибор бериш керак назаримизда. Жамоавий маданият индивидуал эмас, жамоавий шакллантиради.

Сиз нима дейсиз?

Асқар БАРОТОВ.