Жанубий Корея Шимолий Кореяга коронавирус билан курашиш учун бирлашишни таклиф қилди
- 30.07.2020 19:20
- 31
- Хориж
Жанубий ва Шимолий Корея бирлашуви вазири Ли Ин Ён коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун Сеул Пхенян билан ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда “Ёнхап” агентлиги хабар берди.
Жанубий Кореялик сиёсатчи икки давлат ўртасида жойлашган Кэсон шаҳрида инфекция пайдо бўлишидан хавотирда эканлигини билдирди.
“Ҳаммасидан кўпроқ мен Шимолий Корея аҳолиси саломатлигидан хавотирдаман, инфекция сабабли одамларнинг ҳаёти янада оғирлашиши мумкин”, деди вазир.
Ли Ин Ённинг фикрига кўра, Сеул ва Пхенян нафақат Кэсон масаласида, балки Шимолий Кореянинг бошқа нуқтасида ҳам ҳамкорлик қилиши зарур. У COVID-19 билан кураш олиб бориш учун иккала мамлакатнинг бирлашишини таклиф қилди.
26 июль куни Шимолий Кореяда дастлабки коронавирус инфекциясига чалиниш гумони ҳақида маълум қилинди. Касалланган, деб гумон қилинган шахс Жанубий Кореядан Шимолий Кореяга ноқонуний йўл билан кириб келган ва Кэсон шаҳрида бўлган. Айни вақтда у қаттиқ карантинда сақланмоқда, у билан мулоқотда бўлган одамлар аниқланмоқда.