“Жартепа” божхона постида кунига ўртача 2100-2200 нафар фуқаро божхона кўригидан ўтказилмоқда

Самарқанд вилояти Матбуот уйида божхона органларида “Хавфни бошқариш тизимининг тўлиқ жорий этилиши – ҳалол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда муҳим омил” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Э.Салихов, бошлиқ ўринбосари Ж.Файзуллаев ва бошқарма масъул ходимлари иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари ходимларига божхона соҳасида бўлаётган ислоҳотлар, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ва енгилликлар ҳамда вилоят божхона бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил ахборот бериб ўтишди.
Бугунги кунда Самарқанд вилояти божхона бошқармасига қарашли “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилди.
2018 йил давомида йўловчилар 96,8 фоизи “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган бўлса, 2019 йил январ-май ойи давомида 97,5 фоиз йўловчи “яшил” йўлакдан, 2,5 фоиз йўловчи эса “қизил” йўлак орқали ҳаракатланган.
Икки йўлакли тизим жорий этишдан олдин Ўзбекистон Республикасига Самарқанд аэропорти орқали кириб келишда 1 та рейсда учиб келган йўловчиларга (150 - 190 киши) багажларини қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфланган бўлса, эндиликда ушбу жараён ўртача 30-45 дақиқагача бўлган вақтда амалга оширилмоқда.
Маълумки, 2018 йил 1 мартдан бошлаб халқаро мақомга эга бўлган Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида жойлашган “Жартепа” чегара ўтказиш пункти қайта ўз фаолиятини бошлади.
“Жартепа” чегара божхона пости очилганидан жорий йилнинг май ойига қадар киришда 460 мингга яқин, чиқишда 455 мингдан ортиқ, жами 915 минг нафар йўловчилар ҳаракатланган бўлиб, кунига ўртача 2100-2200 нафар фуқаро божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Пост орқали ўтган давр мобайнида жами 61 мингта, шундан киришда 30 мингга яқин ва чиқишда 31 мингдан ортиқ, кунига ўртача 140-150 та автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда. Божхона ходимлари томонидан ҳар бир енгил автомашина ўртача 15-20 дақиқада ичида, йўловчилар эса 7-9 дақиқа атрофида божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Бундан ташқари тадбиркор ва ҳайдовчиларга Давлат божхона қўмитасининг www.bojxona.uz расмий веб-сайтининг “Тадбиркорлар учун зарур маълумотлар” рукни орқали чегара божхона постларида навбатда турган автотранспорт воситалари сони, божхона юк декларацияларининг расмийлаштирувдаги ҳолати ва очиқ турдаги божхона омборлари бўйича онлайн маълумотлар олиш имконияти яратилган.
Тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларнинг вақтларини тежаш мақсадида “Самарқанд” ТИФ божхона постининг таркибида “Ургут” ЭИЗ пункти, “Улуғбек” ТИФ божхона постининг таркибида “Каттақўрғон” божхона пункти ҳамда “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станциялари ҳудудида божхона пунктлари мавжуд.
Божхона тизимида 2018 йил 1 декабрдан бошлаб, “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ҳамда 2019 йил 1 мартдан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар ишга туширилди.
Эндиликда тадбиркорлар Давлат божхона қўмитасининг bojxona.uz сайтидаги http://service.customs.uz ҳаволаси орқали божхона юк декларациясининг мақоми ҳамда унинг қайси йўлакка жойлаштирилганлиги тўғрисида маълумотларни реал вақт режимида олишлари мумкин.
Хусусан, ҳозирда экспортда расмийлаштирилган товарларнинг 77% соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Яъни, бунда товарларга нисбатан божхона кўриги амалга оширилмасдан фақатгина ТИФ иштирокчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сонли Фармон талабларига асосан божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларига божхона соҳаси бўйича кўпроқ маълумотга эга бўлишлари ҳамда кенгроқ мақолалар ёритишлари учун вилоят божхона бошқармасининг асосий кўсаткичларига оид рисола ва буклетлар тарқатилди.
Журналистлар томонидан берилган саволларга божхоначилар батафсил жавоб беришди. Анжуманда божхона соҳадаги ислоҳотларни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тезда етказишда оммавий ахборот воситаларининг кўмаги керакли экани қайд этиб ўтилди.