Жиннихонада ўн кун, Ер шарини 72 кунда: қўрқмас журналист Нелли Блайнинг ҳаёт йўли
Журналистик суриштирувнинг ўзига хос бу усулига америкалик Нелли Блай асос солган. У яширинча психиатрия шифохонасига касал сифатида кириб бориб, у ердан даҳшатли тафсилотларга тўла репортаж қилишга муваффақ бўлган.
Шунингдек, у Ер шарини 72 кун ичида кезиб, рекорд ўрнатган.
Кичкина Элизабет
Элизабет Жейн Кокрейн 1864 йилнинг 5 майида Пенсильвания штатининг Кокран Миллс шаҳрида туғилган. 6 ёшлигида унинг отаси вафот этган.
1879 йилда у Индиана мактабига (ҳозирги Пенсильвания штатидаги Индиана университети) ўқишга киради, аммо маблағ етишмаслиги сабабли бир семестрдан кейин ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлади.
"Қизлар нимага қодир ўзи..."
1885 йилда “Pittsburgh Dispatch” газетасида “Қизлар нимага қодир” деб номланган рукн нашр этилиб, унда қизлар асосан фарзанд кўриш ва рўзғорни эплаш бурчини адо қилиш учун керак, деб ёзилганди. Ушбу мақолага Элизабет “Ёлғиз етим қиз” тахаллуси остида жавоб хати ёзади.
Қизалоқнинг мактубидан таассуротда қолган муҳаррир Жорж Мэдден муаллифдан ўзини таништиришни сўраб эълон жойлаштиради. Кокрейн ўзини муҳаррирга таништирганда, унга “Ёлғиз етим қиз” тахаллуси остида мақола ёзишни давом эттириш таклиф қилинади.
Жамият аста-секин гендер тенглигини қабул қила бошлаган XIX асрда ўзининг “Қизлар сири” номли биринчи мақоласида Элизабет аёлларнинг ҳаммаси ҳам турмушга чиқмаслиги ва улар учун ҳам яхши иш жойлари ташкил этиш зарурлиги ҳақида ёзган. Нелли Блай тахаллуси остидаги “Маъносиз никоҳлар” номли иккинчи мақоласи ажралиш аёлларга қандай таъсир қилишига қаратилган эди. Унда у ажралиш тўғрисидаги қонунларни ислоҳ қилишни ёқлайди. Элизабетнинг ижодидан қойил қолган Мэдден унга доимий иш таклиф қилади.
Мода ва боғдорчилик ҳақида ёзсанг бўлади-ку...
Элизабет аёллар ҳаётига алоҳида эътибор қаратади ва заводда ишлайдиган хотин-қизлар ҳақида бир қатор таҳлилий мақолаларини ёзади. Тез орада фабрика эгаларидан газетага шикоятлар кела бошлайди ва у мода, жамият ва боғдорчиликни ёритиш учун “аёллар” бўлимига ўтказилади.
“Жиннихонада ўн кун”
Таҳририятдаги босим давом этавергач, 1887 йилда Элизабет “Pittsburgh Dispatch”ни тарк этиб, Нью-Йоркка кетади. Тўрт ой ўтгач, чўнтагида ҳеч вақо қолмаган қиз Жозеф Пулицернинг “New York World” газетаси офисига яширинча кириб олиб, махфий топшириқ олишга муваффақ бўлади: энди у ўзини ақлдан озгандек кўрсатиб, Блэквелл оролидаги (ҳозирги Рузвельт ороли) аёллар жиннихонасида содир бўлаётган зўравонликлар ҳақидаги хабарларни текшириб кўриши лозим эди.
Касалхонага тушиш осон бўлмайди: дастлаб у “Аёллар учун вақтинчалик макон” деб номланган пансионатга жойлашиб олади ва телбаларга мос кўриниш бериш учун тунлари ухламай чиқади. Кейин у пансионатдагиларни жинниликда айблай бошлайди. У ухлашдан бош тортарди ва охир-оқибат бошқаларни шунчалик қўрқитадики, полицияни чақиришга тўғри келади. Полиция ходими, судья ва шифокор томонидан текширилгач, қиз Блеквелл оролига олиб кетилади.
Бошпанага кириб олган Элизабет у ердаги аянчли ҳаёт шароитларига амин бўлади. Ўн кундан сўнг, журнал талабига биноан, у озод қилинади. 1887 йил 9 октябрда нашр этилган ҳисобот ва кейинчалик “Жиннихонадаги ўн кун” номли китобидаги шов-шув бошпанадаги ислоҳотлар сабабчиси бўлади.
Ер шарини 72 кунда...
1888 йилда довюрак журналист ёзувчи Жюль Верннинг “Ер шарини 80 кунда” китобини биринчи марта жонлантиришга ҳаракат қилиб, дунё бўйлаб саёҳатга чиқишга даъвогарлик қилади. Бир йил ўтгач, 1889 йилнинг 14 ноябрь куни эрталаб соат 9:40 да у 40 070 километр масофани босиб ўтиш учун “Augusta Victoria” кемасига чиқади.
Дунё бўйлаб саёҳати давомида Элизабет Англия, Франция, Бриндизи (Испания), Сувайш канали, Коломбо (Цейлон), Пенанг ва Сингапур, Гонконг ва Японияда бўлди.
Парижда бўлганида, Блай Жюль Верн билан учрашишга қарор қилади. Ёзувчи бир жасур журналист унинг асаридаги қаҳрамони рекордини янгиламоқчи эканлиги ҳақида эшитган эди, лекин нозик бу қизни кўриб, у янада ҳайратда қолади ва саёҳат муваффақиятли тугашига шубҳа қилади. Бироқ, Неллини тўхтатиб бўлмайди: у ҳар сафар газетага экспедициянинг бориши тўғрисида хабарлар юбориб туриб, мамлакатдан мамлакатга саёҳатини давом эттирарди.
Элизабет деярли ҳар доим ёлғиз саёҳат қилиб, дунёни айланиб чиқади ва 72 кундан кейин Нью-Йоркка қайтиб келади. Саёҳат жаҳон рекордига айланганди, бироқ бир неча ойдан сўнг Жорж Трейн 67 кун ичида ерни айланиб чиқиб, ушбу рекордни янгилайди.
Биринчи жаҳон уруши пайтида Элизабет Европадаги Шарқий фронт ҳақида ҳикоялар ёзган. У Сербия ва Австрия ўртасидаги уруш зонасига ташриф буюрган биринчи аёл ва биринчи хорижлик аёл эди. Ўшанда у ҳатто инглиз жосуси сифатида ҳибсга олиниб, кейинчалик озод этилади.
Элизабет 1922 йил 27 январда 57 ёшида Нью-Йоркдаги Авлиё Марк касалхонасида пневмониядан вафот этади.
Нелли Блай рассом Аманда Метьюснинг Нью-Йорк шаҳридаги Маёқ Паркида жойлашган “жумбоқ қиз Нелли Блай” ёдгорлигида тасвирланган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.