Жомбой сув таъминотида қуёш энергиясидан фойдаланилмоқда
Бу ҳақда “Самарқанд сув таъминоти” акциядорлик жамияти ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Жамият раҳбари Толиб Бобоевнинг қайд этишича, бугунги кунда тизимда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, сув ва оқова иншоотларига қуёш панеллари ўрнатиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича манзилли дастурлар амалга оширилмоқда.
– Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида қуёш панеллари орқали олинган электр энергиясидан фойдаланиш ва бунинг натижасида тоза ичимлик суви ва оқова учун электр энергияси харажатларини камайтиришни асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгилаганмиз, – дейди Толиб Бобоев. – Бу борада ўтган йил Жомбой туманида тажриба-синов тарзида барча сув иншоотларимизда қуёш панеллари ва зарур ускуналар ўрнатдик. Бунинг учун ўз маблағимиз ҳам кредит ҳисобидан қарийб 1 миллиард сўм сарфланди. Натижа жуда яхши бўлди ва истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб бериш ва оқова хизматлари учун сарф бўладиган электр энергияси сарфи камайди. Энг муҳими, хизмат кўрсатиш сифати ошди. Энди бошқа туман ва шаҳарларни ҳам шу тарзда навбати билан тўлиқ муқобил энергия манбаларига ўтказиш бўйича иш олиб боряпмиз.
Жамият раҳбарининг қайд этишича, ўтган йил “Самарқанд сув таъминоти” корхонаси хизматидан фойдаланадиган истеъмолчилар сони қарийб 20 минг нафарга кўпайиб, вилоят бўйича 376 минг нафарга етди. Истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги эса 2025 йил бошида 42 миллиард 647 миллион сўмни ташкил этгани ҳолда йил якуни билан 11 миллиард 870 миллион сўм (28 фоиз)га камайишига эришилди. Кўрсатилган хизматлар учун 262 миллиард 627 миллион сўм маблағ ундирилиб, ундирув даражаси 106 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга жамият томонидан муддати ўтган дебитор қарздорликларни ундириш мақсадида судларга 2715 та (19 миллиард 684 миллион сўмлик) даъво аризалари киритилган.
Вилоят аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида йил давомида шаҳар ва туманларда 59,3 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 8 та сув иншооти қурилиб, 4 таси реконструкция қилинди ҳамда 51,6 километр янги ичимлик сув тармоқлари ташкил этилди. Сув иншоотларига 104 дона янги насослар ускуналар ўрнатилди.
Ўтган йилги энг катта ўзгаришлардан бири шу пайтгача соатбай сув билан таъминланган Самарқанд шаҳрида яшовчи 42 минг аҳолининг туну кун узлуксиз тоза ичимлик суви таъминоти билан қамраб олиниши бўлди.
Матбуот анжуманида жамиятнинг жорий йилга мўлжалланган режалари ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.