Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми ўтказилди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партиясининг “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми доирасида ҳудуддаги тадбиркорлар, туман 4-сектори раҳбари Шероз Азаматов, туман ҳокимининг ўринбосари Акрам Саъдуллаев ҳамда вилоят ва туман Кенгаши депутатлари иштирок этди.

Мулоқот жараёнида ҳудуд тадбиркорлари ва фуқароларининг кўплаб мурожаатлари ўрганилиб, айримлари шу ернинг ўзида ҳал этилди. Хусусан, Қудуқли маҳалласидан фуқаро Жамшид Элмуродов нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик корхона очиш ҳаракатида юрганлигини билдирди. Унга 4-сектор раҳбари 50 миллион сўм кредит расмийлаштириш борасида зарур маълумотлар берди.

Сардор Абдиев эса паррандачилик билан шуғулланишда ёрдам бериш тўғрисида мурожаат қилди. Ёш ташаббускорга халқ депутатлари вилоят Кенгашига Жомбой туманидан сайланган депутат Ҳайдар Ўроқов маҳалла кафолат асосида жўжа ҳамда ем маҳсулотларини бериб, тайёр бўлган маҳсулотни ўзи сотиб оладиган бўлди.

«TURBO HYGIENIC» МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари Азам Турсунов корхона атрофида жойлашган темирйўл логистика марказида эстокада қурилмаси йўқлиги ҳамда ҳудудидаги йўлни асфальт қилиш учун бюджетдан маблағ ажратиш зарурлиги ҳақида депутатларга мурожаат қилди.

Учрашув якунида кўтарилган масалалар бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

O'zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши матбуот хизмати.