Жомбойда таълим сифати ошди(ми?)
2019-2020 ўқув йилида Жомбой туманидаги 56 мактабни 2373 нафар ўқувчи битирган. Уларнинг бор-йўғи 10 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Бу кўрсаткич билан туман вилоятда охирги ўринлардан бирини эгаллаган. Хўш, бундан қандай хулоса чиқарилди? Нима ўзгарди? Туманда таълим сифати ошдими?
“Маррани баланд олганмиз”
2020-2021 ўқув йили туман халқ таълими тизимида ўсиш даври бўлди. Ўтган йилги муваффақиятсизликлардан хулоса чиқарилиб, юксак мақсадлар сари қадам ташланди. Ва, бу ўз натижасини бермоқда.
- Асосан битирувчиларимизнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичини ошириш учун ҳаракат қилдик, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири Зарифа Юсупова. – Бунинг учун туманимиз ҳокими бошчилигида ҳар бир мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари билан суҳбатлар олиб бордик. Ҳар ҳафтада икки марта Давлат тест маркази вилоят филиали вакиллари ҳамкорлигида битирувчи синф ўқувчилари учун тест синовларини ташкил қилдик. Шу ва бошқа танловларда яхши натижа кўрсатган 5 нафардан ўқувчига ҳар ойда 1 миллион сўм миқдорида бир марталик “ҳоким стипендияси” бериб борилди. Ўқитувчиларимизнинг ҳам тажрибасини ошириб бориш, улар учун танловлар ташкил этиш ва рағбатлантириш чоралари кўрилди. Бу ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Қувонарлиси, битирувчиларимизнинг 6 нафари дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига муддатидан олдин ўқишга кириш имкониятини қўлга киритди.
Жавоҳир олтита олий ўқув юртига ўқишга кирди
Ҳали бу ҳаммаси эмас. Унинг олдига қўйган мақсади катта. Жами 15 та олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун ўзини синаб кўрмоқчи.
- Мактабга бормасимдан акамга қўшилиб, дарс тайёрлашга қизиқардим, - дейди тумандаги 56-мактаб битирувчиси Жавоҳир Имомов. – 5 ёшимда алифбони, қўшиш ва айиришни ўргана бошладим. Шунинг учун ҳам ота-онам 6 ёшимда мактабга қўйишган. Математика ва инглиз тилини ўрганишга қизиқишим кучли эди. Оилада ва мактабда бунинг учун етарли шароитлар мавжуд. Умуман, ёшларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаландим ва шу йил самарасини кўрдим. Шу пайтгача 5 та хорижий олий таълим муассасасига ўқишга кирган бўлсам, уч кун аввал яна бир олий таълим муассасаси талабаси бўлганлигим ҳақида хушхабар келди. Яна бир қувонарли ҳол, юқори балл тўплаганим учун Турин политехника университетида иккинчи курсдан ўқишни бошлашим мумкинлиги маълум бўлди.
“Зўр” лойиҳаси натижа беряпти
Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, бу йўлда етакчи бўлган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш мақсадида “Зўр” (“Klass”) лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида якунланаётган ўқув йилида вилоятимизнинг 7 туманидаги умумий ўрта таълим мактабларига амалий ёрдам кўрсатиш учун хорижлик педагоглар жалб қилинди. Уларнинг бири Россиядаги Астрахан давлат техника университети ўқитувчиси Расул Муродов Жомбой туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактабига бириктирилди.
- Асли қозоғистонлик бўлган ўқитувчининг дарс ўтиш услублари жуда қизиқарли, - дейди мактаб директори Баҳодир Эргашев. – Натижада ўқувчиларимизнинг рус тилига бўлган қизиқиши бирмунча ортди. Расул Муродов фақат рус тилида гапиради. Ўқувчилар бугун матнларни таржима қилишни ўрганди. Мактабимизда дарс берадиган 6 нафар рус тили фани ўқитувчисининг ҳам тажрибаси ошди. Бир сўз билан айтганда, “Зўр” лойиҳаси натижа беряпти.
Яна бир мактабнинг икки нафар ўқувчиси талаба бўлди
2019-2020 ўқув йилида тумандаги 40-умумий ўрта таълим мактабини битирган ўқувчилардан 20 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган. Мактаб жамоаси бу йил катта мақсад сари интилмоқда. 2020-2021 ўқув йилида таълим муассасасини 49 нафар ўқувчи тамомлаётган бўлса, уларнинг 40 нафари ўқишни университет ва институтларда давом эттириш истагини билдирган.
- Мактабимиз битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича юқори натижаларга эришишни мақсад қилганмиз, - дейди мактаб директори Шоҳиста Намозова. – Шу пайтгача 2 нафар ўқувчимиз – Миршариф Азимжонов ва Достон Исломов Тошкент шаҳридаги Пучон университетига муддатидан олдин ўқишга кирди. Бошқа битирувчиларимиздан ҳам умидимиз катта.
2020-2021 ўқув йилида мактабни битираётган 2161 нафар ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган. Ўйлаймизки, ўтган бир йил давомида қилинган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатади.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.