Жомбойда йўловчи аёл автомашинани олиб қочди
Жорий йилнинг 4 июль куни Жомбой туманида яшовчи 71 ёшли К.Р. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
ИИБ маълумотига кўра, К.Р. жорий йилнинг 4 июль куни соат 06:30 да ўзини бошқарувида бўлган “SPARK” автомашинасида Жомбой туман марказида ҳаракатланаётган вақтида, йўл-йўлакай шу ерда бўлган аёлни йўловчи сифатида олиб, уни Жомбой тумани Зарафшон маҳалласида жойлашган ўрмон хўжалиги ҳудудига олиб боришига келишган.
Аёлни айтган манзилига олиб бораётиб, маълум сабаб билан йўлда автомашинадан тушган вақтида, аёл унинг рухсатисиз машинани номаълум томонга олиб қочган.
Ушбу автомашинани қидириб топиш мақсадида, вилоят миқёсида «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилиниб, барча ЙПХ масканларига, ЙҲХБ ходимларига бу ҳақда хабар берилган. Натижада жабрланувчига тегишли автомашина номаълум аёл томонидан Тайлоқ тумани Галаботир маҳалласи ҳудудида бошқариб бораётган вақтида тўхтатилиб, расмийлаштириб олинган. Ушбу аёлнинг шахсига аниқлик киритганда, у Жомбой тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 21 ёшли Д.Н. эканлиги ва спиртли ичимликлар таъсирида бўлгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жомбой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Д.Н. процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда, тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этганлик учун Жиноят кодексида 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилиши белгиланган.