Камол эт касбким...

Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд куни тобора яқинлашмоқда. Шу баҳона буюк шоирни яна бир марта ёдга олиб, у қолдирган адабий мерос ва унинг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамиятини эътироф этамиз.

Ёш авлод тарбиясида бирор-бир касбнинг бошини тутиш, ҳунар эгаллаш муҳим аҳамиятга эга:

Камол эт касбким олам уйидин,

Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.

Жаҳондин нотамом ўтмак биайни,

Эрур ҳаммодин нопок чиқмоқ.

Юзаки қараганда, гап дунёдан бирор касбнинг бошини тутмай ўтиб кетиш яхши эмаслиги ҳақида кетаётгандек кўринади. Аслида эса у юқорида айтиб ўтганимиз — тасаввуф ахлоқшунослигининг «касб» тушунчаси билан боғлиқ. Навоий ҳазратлари бу дунёга келиб, Аллоҳ инсон учун яратган барча фазилатлар ва эзгуликларни ўзига касб қилиб олмаган, юқтирмаган киши тириклик оламидан боши қуйи солинганича чиқиб кетади, чунки дунёдан нотамом, яъни комилликка эришмай ўтиш худди ҳаммомга кириб, ювинмай чиқиб кетиш билан баробар, дейди.

Улуғ мутафаккирнинг фикрига кўра, ҳар бир инсон дунёда Аллоҳ унга атаб неъмат сифатида яратган фазилатлар эгаси бўлмоғи, комилликка интилмоғи зарур. Ана шундагина у инсонлик бурчини бажарган, инсон деган номни оқлаган саналади.

Алишер Навоий ижоди билан қанчалик танишиб борсак, шоир асарларидаги ғояларни ҳозирги ҳаётимизга ҳам татбиқ этиш мумкинлигини англаймиз.

Менга не ишқу, не ошиқ ҳавасдур,

Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур.

Алишер ЭРНАЗАРОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти кафедраси мудири.