Карантин вақтида кредиторга санция қўлланилмайди

Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредит бўйича муддати ўтган қарздорликлари бўйича жарима санкциялари қай тартибда қўлланилади?

О.РАСУЛОВ,

Жомбой тумани. 

- Кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликлари юзасидан қўшимча фоизлар, комиссия ва неустойка (штраф, пеня) ҳисоблаш ва уларни ундириш тижорат банки ва мижоз ўртасида расмийлаштирилган кредит шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларида қўшимча фоизлар, комиссия ва неустойка (штраф, пеня)ларнинг энг кўп умумий суммаси тузилган кредит шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан ошиб кетмаслиги лозим.

Шу ўринда, Марказий банк томонидан барча кредит ташкилотларига 2020 йил 1 октябрга қадар:

- коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва унинг олдини олиш учун жорий этилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор - жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан реал даромадлари ва имкониятлари ҳамда вақтинчалик молиявий қийинчиликларни бартараф этиш муддатларидан келиб чиқиб, кредит бўйича тўловларини қайтариш юзасидан имтиёзли давр бериш масаласини кўриб чиқиш;

- жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг муддати ўтган қарздорликларнинг кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик борасида тавсиялар берилди.

Саволга Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бош юрисконсульти Т.ҚОДИРОВ жавоб берди.