Карантинда «Оқ кема»ни ўқидим. Сиз-чи?
Мана, ҳозиргина Чингиз Айтматовни "Оқ кема" асарини ўқиб тугатдим. Рости, бу асарни биринчи марта мутолаа қилмаяпман. Аммо ҳар гал қўлимга олганимда образларнинг янги-янги характерларини кашф этаман.
Чингиз Айтматов асарларида табиат жуда чиройли акс эттирилади. Барча асарларида қирғиз халқининг ўзига хос урф-одатларини, қадриятларини тараннум этади. Ҳаётий воқелик борлиги учун ҳам китобларини қайта-қайта ўқигингиз келади.
"Оқ кема" асари Мўмин чол неварасининг ички кечинмалари, ҳис-туйғулари сизни ўйлашга мажбур этади. Болакай бобосининг қўлида вояга етмоқда. Аниқроғи, ота-онаси ташлаб кетган. Уйда унга яқин инсон биргина бобоси. Лекин, болакайни дўстлари йўқ. Унинг дўстлари тошлар. Ҳар бир тошнинг ўз номи бор "танк", "туя", "бўри", "эгар". Унинг энг қадрли нарсаси дурбин ва портфель. У булар билан кўнгил кечинмалари, дардларини, орзуларини бўлишади. Ёзувчи нега айнан жонсиз нарсаларни танлаган "тош", "портфель"? Асарда "портфель" - илмга интилиш тимсоли бўлса, тош - сабр, қаноат тимсолидир.
Қаҳрамоннинг иккита эртаги бор: бири бобоси айтиб берган, иккинчиси ўзининг ўйлаб топгани. Бобоси унга шохдор она буғу ҳақидаги ривоят орқали миллий қадриятларни ҳурмат қилишни, асраб-авайлашни тушунтиради. Болакайнинг ҳам ўз хаёллари, ўз дунёси бор. У соҳил бўйига бориб, отаси билан хаёлан суҳбат қуради. Уни олиб кетишига чин дилдан ишонади. Аммо...
Асарда ҳозирги кунда дуч келадиган муаммолар акс этган. Болакайни ота-онаси ажрашиб кетган, иккаласининг ҳам оиласи бор. Лекин ўртада норасида бола сарсон. Ҳозирги кунда ҳам ажримлар кўпайган. Ота-она ажрашганда фарзандлари тақдири, қалб кечинмалари ўйлаб кўришмайди. Асарда ота-онасиз вояга етаётган болаларнинг аччиқ тақдири, саробга айланган хаёллари, туйғулари ифодаланган. Мўмин чолга ҳам осонмас. Юраги тоза инсон фарзанд тарбия қилиб болаларини бахту камолини кўролмади. Ҳаттоки, куёви қизига қўл кўтарганда, уни ҳимоя қилолмайди. Қалби йиғлайди, холос.
Асарда Ўрозқул образи ҳам ўзига хос. Китобни ўқиш жараёнида уни бесабр, оиласини пароканда қилаётган қаҳрамон, деган хаёлга бордим. Тўғри, у баджаҳл, зиқна одам. Тирноққа зорлик уни йилдан йилга баджаҳл қилиб қўйди. Бир қарашда бу инсонда юрак йўқдек. Аслида...
У кучли инсон бўлса-да Мўмин чолнинг невараси уни йиғлатди. Олдига пешвоз чиққан, хурсандчилигини бўлишган бола унинг ўғли эмаслигидан ўкиниб йиғлади. Бир оғиз ширин сўз айтишга ўзида куч топа олмади.
Боланинг қувончларига ёлғиз соҳил, унинг тошлари ва олисда гоҳ кўриниб турадан оқ кема гувоҳ. Унинг эртакларини улар тинглашга қодир. Унинг ҳаёт ҳақидаги ўйлари ёлғиз уларга қизиқ.
Бугун уйдасиз. Қўлингизга китоб олинг, «Оқ кема»ни ўқинг. Сиз ҳам асар берган завқдан баҳраманд бўласиз.
Муниса Шамсиева.