Карьера маркази – талабаларни ишга жойлаштиради
Ҳар йили олий таълим муассасаларида битирувчилар учун “Карьера куни” меҳнат ярмаркалари ташкил этилади. Унда иш берувчи ташкилотлар ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашади.
Очиғи, бундай меҳнат ярмаркалари номига ўтказиларди. Сабаби, меҳнат ярмаркаларига иш берувчи ташкилотларни топиб, жалб этиш қийин эди. Энди олий таълим муассасаларида Карьера марказлари ташкил этилди. Хўш, Карьера марказининг вазифаси нималардан иборат, деган савол туғилади. Ушбу саволга Самарқанд давлат педагогика институти Карьера маркази бошлиғи Ғулом Якубов жавоб берди.
- Карьера маркази битирувчиларнинг иш топишига кўмаклашади, - дейди Ғ.Якубов. – Биз вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаймиз, яъни вакант жойлар ҳақида улардан маълумот олиб, битирувчи талабаларга етказамиз. Талабалар ўзларига ёққан вакант жойларга ишга жойлашиши мумкин. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган талабаларга банкдан кредит олишига кўмаклашамиз. Шу кунга қадар 17 нафар талабанинг бизнес-лойиҳалари маъқулланиб, уларга банкдан кредит олишларига ёрдам бердик. Улар бугун ўзлари танлаган тадбиркорлик тури асосида фаолият олиб боряпти. Банклар тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга 20 миллиондан 300 миллион сўмгача кредит беради. Агар бизнес-лойиҳаси каттароқ бўлса, 1 миллиард сўмгача кредит олса бўлади.
Карьера маркази 2025 йилнинг сентябрь ойида очилди, бугун марказда уч нафар ходим меҳнат қиляпти. Шу пайтга қадар биз 52 фоиз битирувчининг ишга жойлашишига кўмаклашдик. Марказимиз нафақат битирувчиларга, балки юқори босқич талабаларига ҳам иш топиб беряпти. Юқори босқич талабаларимиз ҳафтанинг 4 кунида ўқийди, 2 кун амалиёт ўтайди. Айрим талабалар амалиёт даврида мактабларга ишга қабул қилиняпти. Масалан, “Регистон” хусусий мактабига жорий ўқув йилида 13 нафар юқори курс талабаларини ишга жойлаштирдик. Тўғри, юқори курс талабаларининг ҳаммасини ишга жойлаштира олмаймиз. Сабаби, мактабда тўлиқ штат асосида ишлаш керак. Талабалар эса амалиёт кунлари ёки иш соати кўп бўлмаган ишда ишлай олади.
Бундан ташқари, “Осон иш” платформасининг ишга тушгани ҳам битирувчилар учун анча қулай бўлди. Сабаби, платформадан исталган йўналишда, исталган ҳудуддан иш топиш мумкин. Шунингдек, платформага иш изловчилар ўзлари ҳақидаги маълумотни киритиши ва бу орқали иш берувчилар излаётган ишчи-ходимни топиши мумкин.
“Осон иш” платформасининг афзаллик жиҳати шундаки, унда берилган эълон бошқа платформалардек ойлаб сақланиб турмайди, аксинча ишчи қабул қилиниши билан платформадаги эълон ўчади.
Шунингдек, биз институт талабалари билан суҳбатлашдик. Улар орасида ҳам ўқиб, ҳам ишлаётганлари бор экан.
- Ургут туманидаги 124-умумий ўрта таълим мактабига амалиёт ўташ учун бориб, ишга жойлашдим, - дейди технологик таълим йўналиши, 3-босқич талабаси Азамат Раззоқов. – Мактабда технология фанидан дарс беряпман. Институтда тўрт кун ўқийман, икки кун мактабда дарс бераман. Дарсим ўн соат, 1,5 миллион сўм маош оламан.
- Бизда душанба, сешанба кунлари амалиёт куни ҳисобланади, - дейди тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, 3-босқич талабаси Самира Раҳмонова. - Мен Самарқанд шаҳридаги 4-умумий ўрта таълим мактабида амалиёт кунларим ишлаяпман. Бўлажак педагог учун назария билан амалиёт бирга олиб борилиши керак экан.
2025-2026 ўқув йилида институтни жами 3376 нафар талаба битиради. Марказ ходимлари битирувчи талабаларга ишга жойлашиш ҳақида семинар-тренинглар ўтказиб, уларни бўш иш ўринлари билан таништириб келмоқда. Шунингдек, иш берувчилар ҳам бугун олий таълим муассасаларига қанча ходим кераклигини олдиндан буюртма қиляпти. Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси аста-секин мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ҳам жорий этиляпти.
Бугун битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи ҳукуматимиз, қолаверса Президентимиз томонидан назоратга олиняпти. Энди олий таълим муассасалари битирувчилар бандлигини аввалгидек шунчаки мониторинг қилмайди, аксинча уларни ишга жойлашишига кўмаклашади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.