Касаба уюшмалари ишчи-ходимларнинг энг яқин ҳимоячиси бўлиши керак

Ҳеч ким ноҳақлик ёки адолатсиз қарорга чидамайди. Атрофдагилар унинг ҳалол меҳнатини қадрламаса, руҳий тушкунлик ва норозилигига сабаб бўлади.

Корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари бошланғич ташкилоти эса ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга ходимлар ва маъмурият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб келмоқда. Чунки раҳбариятнинг барча ходимлар муаммоларини ўрганишга имкони етмаслиги мумкин. Бошланғич касаба уюшмалари эса ушбу муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан маъмуриятга таклифлар билан чиқади.

Касаба уюшмалари ташкилотларининг иш бошлаганига қарийб юз йилдан ошган бўлса-да, асосан байрам ва маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, санаторийларга йўлланма бериш билан шуғулланиб келган. Энди бўлса мазкур ташкилот ҳар бир ишчи -ходимнинг ҳимоячисига айланди.

Президентимиз жорий йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари вакиллари билан бўлган учрашувда касаба уюшмаларининг корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги жонбозлиги алоҳида эътирофга сазоворлигини, буни кейинги йилларда 500 мингга яқин ходимнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларнинг фойдасига 267 миллиард сўм ундириб берилгани ҳам тасдиқлашини таъкидлади. Ишдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли жабрланган 1 минг нафар ходимга 35 миллиард сўм товон пули тўланганлиги, ноҳақ бўшатилган 13 минг ходим ишга тикланганлиги қайд этилди.

Беш йил илгари вилоятимизда ташкил этилган бошланғич ташкилотлар сони 3345 тадан 4212 тага, аъзолари сони эса 483 минг 471 нафардан қарийб 800 мингга етди. 2020 йилда 6515 нафар аъзоликка олинган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида 106 минг 880 нафар ишчи-ходим аъзоликка жалб этилди.

- Яқинларгача уюшмага мурожаат қилган ишчи-ходимларнинг 80 фоизи санаторий ва соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланма сўраб келган бўлса, энди уларнинг аксарияти ҳуқуқий ҳимоя масаласида мурожаат қилмоқда, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов. - Ҳозирда энг кўп мурожаат ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, ишсизлик масалалари, хотин-қизлар муаммоларига тегишли бўляпти. Бугун ҳар бир ходим ўз манфаатлар кучли ҳимоя остида эканлигини ҳис қилсагина, ўзи ва оиласи доимий даромадга эга бўлиши, ҳалол ишлаб, шу ташкилотдан пенсияга чиқиши мумкинлигига кўзи етсагина чин дилдан меҳнат қилади.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят кенгашига жисмоний ва юридик шахслардан бўлган мурожаатлар сони 145 тани ташкил қилди. Уларнинг 51 таси ҳуқуқий ҳимоя, 39 таси ижтимоий-иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш, 6 таси меҳнат муҳофазаси, 9 таси касаба уюшмалари ташкилий-ҳуқуқий фаолияти ҳамда 13 таси моддий ёрдам билан боғлиқ бўлди.

Мурожаатлар таҳлил қилинганда, Самарқанд шаҳридан (35 та), Паст Дарғом туманидан (20 та), Пахтачидан (15 та) берилганлигини кўрдик. Шунингдек, касаба уюшмасига аъзо бўлмаган шахслардан ҳам 31 та мурожаат келган. Бу ҳолат касаба уюшмаларининг жамиятдаги нуфузи ортиб бораётгани ва уларнинг фаолияти нафақат аъзолар, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам ишончли манба сифатида қабул қилинаётганлигини англатмоқда.

Касаба ушмасига келиб тушган мурожаатларнинг 90 дан ортиғи ижобий ҳал этилган, 55 та мурожаат бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилган. Меҳнат қонунчилиги бузилганлиги ҳолати бўйича келиб тушган 91 та мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилди ва 49 нафар ишчи-ходимнинг ҳуқуқлари тикланиб, қарийб 62 миллион сўм маблағ ундириб берилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳрида жойлашган “Тоҳир” МЧЖда ишлаган М.Ҳазратқуловага туғруқ таътили пуллари тўланмаганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, касаба уюшмаси аралашуви билан корхонадан мурожаатчига 36,4 миллион сўм маблағ ундириб берилди.

Кейинги йилларда давлат бошқаруви органлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Хусусан, хонадонма-хонадон юриб, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёрдамга муҳтожларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечими борасида ҳам ташаббускорлик кўрсатилди. Дастлаб кам таъминланган аҳолининг шарт-шароити ўрганилиб, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

- Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 894 нафар ишламайдиган пенсионер ва собиқ ходимларга 368 миллион сўмдан ортиқ, 424 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бирйўла моддий ёрдам беришга ажратилган 470 миллион сўм касаба уюшмалари маблағлари тўлаб берилди, - дейди Акбар Абдусаидов. - 297 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож собиқ ишчиларга байрамлар арафасида ажратилган 180,9 миллион сўмнинг 91,4 миллион сўми ташкилотимиз томонидан берилди.

Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 117 нафар кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пуллари қисман тўланди. Жамоа шартномалари орқали нодавлат мулк шаклидаги 121 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 217 нафар болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.

Президентимиз ҳар бир ташкилот ва корхонада, касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти тузилсагина ишчи-ходимларнинг манфаати ҳимояланган бўлади, дея бир неча бор таъкидлаб ўтган эди. Шу сабабли федерациянинг вилоят кенгаши ва вилоятдаги тармоқ касаба уюшмалари томонидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, барча меҳнат жамоаларида, аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан корхона, ташкилот ва муассасаларда “Уч авлод”, “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари, спорт мусобақалари ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқи ҳамда меҳнат муҳофазаси мавзуларида семинарлар ўтказилмоқда.

Дилмурод Тўхтаев.