Касаба уюшмалари Омбудсман билан ҳамкорликда ишлайди
Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ва Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) вилоят минтақавий вакили ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда ҳар икки ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари фуқаролар, шу жумладан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги, шунга кўра, ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши асосий мақсад ва вазифалар ижросини янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.
– Бизга жисмоний шахслар бузилган ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилади, – деди Омбудсманнинг вилоятдаги вакили Д.Ҳусанов. – Касаба уюшмаларига ҳам айни шундай. Фақат бу ташкилотга муайян меҳнат жамоасида ишлайдиган фуқаро мурожаатчи бўлади.
Кўриниб турибдики, ҳар икки ташкилот ҳам фуқаролар ҳуқуқларини тикланиши учун бирдек масъул. Шу боис биз фаолиятимизни ҳамкорликда йўлга қўйиш орқали мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш, ўз навбатида профилактик тадбирлар ўтказишга келишиб олдик. Бугун имзоланган меморандумда айни шу масалалар расман мустаҳкамлаб қўйилди.
Бахтиёр Мустанов.