Касаба уюшмалари ва ёшлар: ишонч, ташаббус, ҳамжиҳатлик

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши томонидан Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.

Учрашувнинг асосий мақсади касаба уюшмалари тизими ва ёшлар ўртасида мулоқотни кучайтириш, ёш авлодни касаба уюшмалари фаолияти ҳамда уларнинг вазифалари билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.

Тадбирда кенгаш раиси Суҳроб Рафиқов касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи, уларнинг ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги фаолияти, шунингдек, касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган турли лойиҳалар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

Мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, фикр ва таклифларини билдирдилар. Улар таълим жараёнида ижтимоий ҳимоя масалалари, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда касаба уюшмалари фаолиятида ёшларнинг иштирокига оид долзарб мавзуларни муҳокама қилди.

Тадбир якунида бир гуруҳ ходимлар ва талаба-ёшларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин туманига икки кунлик бепул саёҳатда иштирок этиш учун сертификатлар топширилди.